Қозоғистон остин-устун бўляпти. Назарбоевнинг хавфсизликка масъул жияни эса таътилда

Олам

image

Қозоғистонда Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг жияни, Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Самат Абишнинг қаердалиги билан боғлиқ савол борган сари долзарб бўлиб бормоқда. 

Қозоғистонда намойишлар авжига чиққанида “Orda.Kz” нашри Самат Абиш йўқ бўлиб қолгани, у лавозимидан озод қилиниб, ҳибслангани ҳақида хабар тарқатган эди. Орадан кўп ўтмай, МХҚ Самат Абиш ҳибслангани ҳақидаги баёнотларни рад этиб, у фаолиятини давом эттираётганини билдирди. 

Айни кунларда эса МХҚ яна бир баёнот билан чиқди. Унда қайд этилишича, Самат Абиш меҳнат таътилига чиққан. 

“Келаётганган сўровлар муносабати билан Самат Абиш Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритишини маълум қиламиз. Ҳозирда у йиллик таътилда”, дейилади МХҚ расмий сайтида берилган ахборотда. 

Қизиқ! МХҚнинг собиқ раиси ва унинг икки ўринбосари давлатга хиёнатда айбланиб қўлга олинган, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, Қозоғистон хавфсизлигини бошқа давлат ҳарбийлари қўриқлаётган бир пайтда хавфсизликка масъуллардан бири бўлган Самат Абиш қанақасига бамайлихотир меҳнат таътилида бўлиши мумкин?! 

43 ёшли генерал-лейтенант Самат Сатибалдиули Абиш Қозоғистон Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг укасининг ўғлидир. Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси академиясини ва Россия Ташқи разведка хизмати академиясини тамомлаган. 

2010 йил январидан 2015 йил декабригача Абиш кадрлар бўлими бошлиғи лавозимидан Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосаригача кўтарилган.

Оирги икки кунда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари атрофидаги гап-сўзлар соат сайин ортди. Бунга ҳамоҳанг тарзда охирги машмашалар фонида Назарбоев ва оиласи муносабат билдирмади. Олма-отада эса унинг собиқ қароргоҳига ўт қўйилди, ҳайкали ағдарилди. Мураккаб вазият бироз тин олгач Назарбоев яна пайдо бўлди. 

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамалакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилиш факти бўйича ҳибсга олинди. 

Айни кунларда Қозоғистон Республикасининг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоев ва оила аъзоларининг қаердалиги ҳам катта сўроқ остида қолмоқда. Оиланинг тўнғичи Дариға Назарбоеванинг парламентдаги ёрдамчисига кўра, Дариға коронавирусга чалинган ва Нур-Султонда даволанмоқда. “Orda.Kz”нинг аниқлашича, кенжа қиз Алия Назарбоева эса Бирлашган Араб Амирликларида жон сақламоқда


Мақола муаллифи

Теглар

Самат Абиш

Баҳолаганлар

356

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made