Қозоғистон телевидениесида қозоқ тилининг улуши 60 фоизгача оширилади

Олам

image

Қозоғистонда 2027 йилга бориб, қозоқ тилидаги теле ва радиоэшиттиришлар ҳажми ҳозирги 50 фоиздан 60 фоизга оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақдаги тегишли қонун лойиҳаси бугун, 17 апрель куни Қозоғистон парламенти Мажлисида қабул қилинди. 

“Телевидение ва радиоэшиттиришлар умумий ҳажмининг давлат тилида тарқатилишига талаб ва маҳаллий контент ҳажми 2025 йилдан 55 фоизга, 2027 йилдан 60 фоизгача оширилади”, дейилади Мажлиснинг ижтимоий-маданий ривожланиш қўмитасининг хулосасида.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида Қозоғистон телеканаллари ва радиоларининг ҳафталик кўрсатувлари ҳажмида хорижий телерадио дастурларни ретрансляция қилиш ҳажмини 20 фоиздан 10 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.

 Бундан ташқари, онлайн нашрлар ва ахборот агентликларини ягона “Интернет нашриёт” концепциясига бирлаштириш режалаштирилмоқда. Қайд этилишича, онлайн нашрлар оммавий ахборот воситаларининг турларидан бири сифатида рўйхатдан ўтказилиши керак. Қонун лойиҳасига кўра, ахборот агентлигининг хабар ва материалларини бошқа оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатишда ахборот агентлигининг мажбурий ҳаволасига мурожаат қилиш талаб қилинади. 

Шунингдек, қонун лойиҳасида оммавий ахборот воситалари материалларига нисбатан даъво муддатини бир йил қилиб белгилаш таклиф этилмоқда. Амалдаги қонунчиликда бундай даъво муддати мавжуд эмас. Кимдир уларни судга берган тақдирда, таҳририят нашрларни тайёрлашда фойдаланилган материалларни доимий равишда сақлаши керак бўлади. 

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун парламент томонидан қабул қилингандан сўнг парламент Сенати юқори палатасига кўриб чиқиш учун юборилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида россиялик шовинист тарихчи Михаил Смолин Россиянинг НТВ каналида уюштирилган ток-шоуда ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар 1917 йилгача мавжуд бўлмаганини иддао қилганидан сўнг,  Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказининг ўша пайтдаги раҳбари Минҳожиддин Мирзо аҳолини заҳарли ғоялардан сақлаш учун мамлакатдаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телевидение каналлари ҳамда уларнинг интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилганди. Ўшанда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ҳам Ўзбекистонда таълим ва телевидениеда рус тилидан фойдаланишни қисқартиришни таклиф қилган эди.

Комила Латипова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made