Қозоғистон Суриядаги қонли вазиятни барқарорлаштиришга чақирди
Олам
−
08 Март 2025 4001 2 дақиқа
Қозоғистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатларни Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш учун фаол чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Фаластин ва Суриядаги вазиятга бағишланган навбатдан ташқари сессиясида сўз очди.
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мурат Нуртлеу бошчилигидаги Қозоғистон делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Фаластин ва Суриядаги вазиятга бағишланган навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди.
Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўз нутқида Қозоғистон Сурия инқирозига бошиданоқ жиддий эътибор қаратганини, Остона жараёни доирасида музокаралар учун платформа тақдим этганини таъкидлади.
“Биз ИҲТга аъзо давлатларни Сурия халқи манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш учун фаол чоралар кўришга чақирамиз”, деди Нуртлеу.
Фаластин масаласига тўхталар экан, энг долзарб масала ҲАМАС ва Исроил ўртасида барқарор ўт очишни тўхтатишни таъминлаш эканини таъкидлади.
“Қозоғистон иккинчи босқич бўйича давом этаётган музокаралар тинчлик, хавфсизлик ва БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари асосида Фаластин давлатини барпо этишга йўл очишига умид қилмоқда”, дейилади Қозоғистон ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 6 мартдан бери Суриянинг янги расмийлари ва собиқ президент Башар Асад ҳукуматига содиқ кучлар ўртасидаги тўқнашувларда мамлакатдаги алавий озчиликка мансуб 311 нафар тинч аҳолини ўлдирилгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси