Қозоғистон Орол денгизига рекорд миқдорда сув жўнатмоқчи

Олам

image

Қозоғистон Орол денгизига рекорд миқдорда сув йўналтирмоқчи. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Сув хўжалиги ва ирригация вазирлигига таяниб, “TengriNews” хабар берди.

Билдирилишича, Қозоғистон Орол денгизига сув жўнатиш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кўпайтириш орқали экотизимни сақлаб қолиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда.

“2024 йил октябрь ойидан жорий йилнинг январигача Шимолий Орол денгизига 1 миллиард куб метр сув жўнатилди. Бу аввал режалаштирилган ҳажмдан 100 миллион куб метрга кўпдир. Марказий Осиё давлатлари билан эришилган келишувлар туфайли 2025 йил март ойи охиригача Шимолий Оролга жами 1,6 миллиард куб метр сув жўнатилади.

2022 йил бошида Шимолий Орол денгизидаги умумий сув ҳажми 18,9 миллиард куб метрни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 22,1 миллиард куб метрни ташкил  қилади. Денгиздаги сув ҳажми 2025 йил охирига келиб 23,4 миллиард куб метргача ошиши кутилмоқда”, дейилади вазирлик хабарда.

Шунингдек, Шимолий Орол денгизи ҳажми ва майдонининг кўпайиши сувнинг минераллашувини камайтириш ва 22 турдаги балиқларнинг популяциясини тиклаш имконини бериши ҳам қўшимча қилинган.

“Шимолий Орол денгизи майдони кенгайишда давом этмоқда. Бугунги кунда у 3065 квадрат километрни ташкил этади. Бу 2022 йил бошига нисбатан 111 квадрат километрга кўпдир.

“Кўкорол тўғонини сақлаб қолиш ва Сирдарё дельтасини тиклаш” лойиҳаси якунланмоқда. Йил охирига қадар Шимолий Орол денгизини Катта Орол денгизидан ажратиб турувчи Кўкорол тўғонини реконструкция қилишни якунлаш режалаштирилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши Шимолий Орол денгизини сақлаб қолиш ва сувнинг шўрланишини камайтиришга хизмат қилади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 5 февраль куни Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳамда Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов имзолаган ҳужжатга кўра Ўзбекистон жорий йилнинг 1 октябрига қадар Қозоғистонга 16 миллиард куб метр сув жўнатишига келишилганди.

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қозоғистон Орол денгизи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг