Ўзбекистон Қозоғистонга 16 млрд куб метр сув юборади
Жамият
−
05 Февраль
2755Ўзбекистон жорий йилнинг 1 октябрига қадар Қозоғистонга 16 миллиард куб метр сув жўнатади. Бу ҳақда бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳамда Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов икки томонлама сув ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича қўшма ишчи гуруҳининг 12-йиғилишида маълум қилди.
Қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистондан Қозоғистонга 15 млрд куб метр сув юборилган. Жорий сув хўжалиги йилида бу ҳажм 1 млрд куб метрга ошиши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон томони 2025 йил суғориш мавсумида “Дўстлик” канали орқали барқарор сув таъминотини таъминлашга ёрдам беради.
Бундан ташқари, вазирлар давлатлараро каналларда таъмирлаш ишларини биргаликда амалга оширишга келишиб олди. Бу келишув Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ва Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти фермерларига сув етказиб беришни яхшилайди.
“Муҳокама қилинган яна бир мавзу Сирдарё дарёсида сув ҳисобини автоматлаштириш бўлди. Илгари биз бундай тизимлар ўрнатиладиган мамлакатларнинг ҳар бирида 5 тадан 10 тагача биринчи нуқтани аниқладик. Бугунги кунда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун техник топшириқни келишиб олдик. Февраль ойида қўшма ишчи гуруҳнинг халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтади ва кейинги қўшма ҳаракатлар муҳокама қилинади”, дейди Нуржан Нуржигитов.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 2025 йилнинг апрелигача Қозоғистонга Сирдарёдан 11 миллиард куб метр сув ваъда қилинганди.
Моҳимбегим Маъруфалиева
LiveБарчаси
06 Февраль