Қозоғистон Марказий Осиёда оммавий электр узилиши сабабини маълум қилди

Олам 45572
image

Қозоғистон миллий электр таъминоти маркази (KEGOS) кеча, 25 январь куни Марказий Осиёнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларида содир бўлган электр энергияси узилиши билан боғлиқ вазият юзасидан “Tengrinews” ахборот агентлигига расмий маълумот берди.

“2022 йил 25 январь куни соат 11:59 да (Нур-Султон вақти билан) Марказий Осиё (Ўзбекистон, Қирғизистон) энергетика тизимида юзага келган номутаносиблик сабабли кузатилган жиддий авария туфайли 500 кВ электр энергиясини Қозоғистоннинг Шимолий-Шарқий-Жанубий линияси бўйлаб транзит қилишда қувват узилиши содир бўлган”, дейилади марказ маълумотида.

Қайд этилишича, “Шимолий-Шарқий-Жанубий” линияда содир бўлган авария натижасида Қозоғистоннинг жанубий қисмидаги аҳолининг катта қисми электр энергиясидан узилиб қолган. Ҳозирча электр энергия билан боғлиқ чекловлар ҳажми тахминан 1500 мегаваттни ташкил қилмоқда.

“Ҳозирда KEGOS оператор тизими томонидан аварияни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда”, дея қўшимча қилади компания. 

Билдирилишича, ёппасига электрдан узулиш ҳолатлари Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олма-ота ва унга яқин ҳудудларда кузатилган.

“Конец света”

Кеча, 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Бунинг ортидан поездларнинг манзилга етиб бориш вақти кечиктирилди. Электрдаги узилиш сув таъминотини ҳам тўхтатиб қўйди.

Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилди. Ўзбекистонда эса барча аеропортлар фаолияти чекланди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олма-ота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган.

Беҳруз Саидов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1804
Рейтинг: 2.9
t
×