Қозоғистон Хитойга борадиган янги темирйўл қуришни бошлади
Олам
−
21 Декабрь 2023
5107Қозоғистоннинг Абай вилоятида 272 км узунликдаги Бахти-Аяғоз янги темирйўл линияси қурилиши бошланди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири матбуот хизмати хабар берди.
Қурилиш ишининг расмий бошланиш маросимида телеконференция орқали Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов қатнашди. Лойиҳа Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Қозоғистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш бўйича топшириқларини амалга ошириш доирасида амалга оширилмоқда. Янги линия қурилиши давомида Хитой билан учинчи Бахти – Чугучак чегара пункти очилиши режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, Бахти-Аяғоз темирйўл линияси Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги ўтказиш қобилиятини 28 миллион тоннадан қарийб 48 миллион тоннагача оширади, жанубий назорат-ўтказиш пунктларидаги тирбандликни бартараф этади ва қўшимча транзит ҳажмини жалб қилади. Икки изли темирйўл 2027 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Билдирилишича, кенг кўламли лойиҳа хусусий инвестор иштирокида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга оширилади. Қурилиш жараёнида 11 та станция, 47 та кўприк, 23 та темирйўл ва 8 та автомобил йўл ўтказгичлари, 5 та пиёдалар кўприги, 16 та кузатув иншооти қурилади.
“Охирги беш йилда транзит контейнер ташиш ҳажми 3,2 баробар ошди. Мавжуд транзит йўлаклари кенгайтирилиб, янгилари очилмоқда. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, шимол-жануб ва жанубий йўлаклари алоҳида аҳамият касб этди”, дейди Смаилов.
Бош вазирнинг таъкидлашича, ўтган йили мустақилликнинг 30 йилида Қозоғистон темирйўлларида максимал юк ташиш ҳажми 245 миллиард тоннани ташкил қилган. Жорий йилда геосиёсий вазият ва инфратузилма чекловларига қарамай, кўрсаткичлар ошиб бормоқда.
Смаиловга кўра, атиги уч йил ичида республикада 1300 км дан ортиқ темирйўл қурилади.
“Буларнинг барчаси нафақат Абай вилояти, балки бутун мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. Бахти-Аяғоз лойиҳасининг амалга оширилиши Қозоғистон темирйўллари тармоғининг жаҳон транспорт тизимига интеграциялашувини ҳам тезлаштиради”, дейди Смаилов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Ўзбекистон билан чегарагача бўлган Дарбоза-Мақтаорал янги темирйўл линияси қурилиши бошланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь