Қозоғистонда Ўзбекистонгача темирйўл линияси қурилиши бошланди

Олам

image

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Ўзбекистон билан чегарагача бўлган Дарбоза-Мақтаорал янги темирйўл линияси қурилиши бошланди. Қурилиш ишларига телекўприк орқали Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов старт берган.  

“Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев топшириғига кўра республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегараси орқали янги назорат-ўтказиш пункти очилади”, дейилади баёнотда. 

Қайд этилишича, янги темирйўл линиясининг қурилиши юкларни мавжуд Сариоғош – Тошкент участкасидан янги линияга йўналтириш, Сариоғош вокзалидаги тирбандликни бартараф этиш ва бутун Ўзбекистон йўналиши бўйича экспорт ташиш ҳажмини ошириш имконини беради. Бундан ташқари, лойиҳа Туркистон вилоятини республиканинг асосий темирйўл тармоғига улаш орқали унинг ривожланишига ҳисса қўшади. 

Қозоғистон ҳукумати раҳбари таъкидлаганидек, йил охирига қадар Ўзбекистон билан юк ташиш ҳажми қарийб 31 миллион тоннани ташкил этиши прогноз қилинмоқда, бу ўтган йилга нисбатан 16 фоизга кўпдир.  

“Ушбу участканинг имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг экспорт ва транзит салоҳиятини ошириш мақсадида биз йирик темирйўл лойиҳаси – Дарбоза-Мақтаорал янги линиясини қуришни бошламоқдамиз”, дейди Смаилов. 

Лойиҳанинг биринчи босқичида Сирдарё вокзалига чиқадиган Эрдаут – Мақтаарол – Ўзбекистон давлат чегараси линияси қурилиши кўзда тутилган. Иккинчи босқичда шу станцияга чиқиш имконияти бўлган Ўзбекистон давлат чегараси – Жетисай филиали фойдаланишга топширилади. Жами 152 км темирйўл қурилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made