Қозоғистон қидираётган ўзбекистонлик Россияда ушланди

Олам

image

2014 йилдан буён Қозоғистонда қидирувда бўлган 36 ёшли Ўзбекистон фуқароси Россияда ушланди. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Қозоғистон Республикаси ИИВ МДҲ давлатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда қидирувдаги жиноятчиларнинг жойлашувини аниқлаш ва уларни қўлга олиш бўйича тадбир олиб борган. Тадбирда Россиянинг Люберци шаҳрида Чимкент шаҳар полиция департаменти ходимлари хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда 36 ёшли Ўзбекистон фуқаросини қўлга олган. У 2014 йилда чимкентлик аёлга тегишли бўлган ер участкасини фирибгарлик йўли билан сотган. Жабрланувчига етказилган зарар 14 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Шунингдек, Москва шаҳрида 28 ёшли Қозоғистон фуқароси ҳам қўлга олинган. У 2023 йилнинг апрелидан октябригача Олмаотада фуқаролардан қимматбаҳо смартфонларни сотиб олиш ваъдаси билан олиб, кейинроқ ғойиб бўлган. Оқибатда етти киши алданган. Етказилган зарар 32 миллион тенгедан (тахминан 800 млн сўм) ошади.

Қозоғистон ИИВга кўра, жорий йил бошидан бери Қозоғистон ҳудудидан ташқарида 11 нафар қидирувдаги жиноятчи қўлга олинган. Мамлакат ҳудудида эса бошқа давлатларнинг тегишли органлари учун 44 нафар жиноятчи аниқланиб, ушланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги “Жайсан” темирйўл назорат-ўтказиш нуқтасида халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган эди. У Молдова ИИВ ҳузуридаги Интерпол Миллий марказий бюроси томонидан ноқонуний наркотик моддаларни ташиш айби билан қидирувда бўлган. Гумонланувчи 2013 йилда бошқа шахслар билан биргаликда халқаро наркотик моддалар етказиб бериш тизимини ташкил қилган. Молдова ҳудудига киришга уринганида унинг ёнидан 46 грамм “героин” топилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон ўзбекистонлик жиноятчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг