Қозоғистон чегарасида қолиб кетган картошкалар Ўзбекистон расталарига йўналтирилмоқда
Жамият
−
31 Январь
28019Аввалроқ, Қозоғистоннинг Павлодар шаҳридан келаётган картошка ортилган вагон текширув ишлари юзасидан Ўзбекистон билан чегарада 10 кун ушлаб қолингани оқибатида чириб қолгани маълум қилинганди.
Ушбу картошка маҳсулотлари Ўзбекистон сотув расталарига йўналтирилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ўзбекистонлик бир нечта тадбиркорлик субъектларига тегишли картошка ортилган вагонлар фитосанитар назорат тартибига мувофиқ Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасининг Қозоғистон ҳудудида вақтинча тўхтатилган. Ушбу текширув жараёнида юк ҳужжатларида аниқланган айрим техник камчиликлар сабабли маҳсулотни чегарада қисқа муддат ушлаб туриш эҳтиёжи вужудга келган. Мазкур техник муаммолар ўрнатилган тартибда тўлиқ бартараф этилган.
“Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон чегарасида мазкур юкларни атайлаб ёки сунъий равишда ушлаб туриш ҳолати мавжуд эмас. Икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирликларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида маҳсулот айни кунда Тошкент шаҳридаги Чуқурсой сақлаш пунктига етказилди”, дейилади хабарда.
Вазирликка кўра, ҳозирда тадбиркорлик субъектларига тегишли барча картошка маҳсулотлари сотув расталарига йўналтирилмоқда. Бу эса картошка нархи билан боғлиқ вазиятни бартараф этиш ва бозорларда мазкур маҳсулотга бўлган нархнинг барқарорлашувига хизмат қилади.
“Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида чегаралардаги фитосанитар ва логистика жараёнларини доимий назоратда тутишини ҳам эслатиб ўтади. Келгусида бундай техник камчиликларнинг такрорланмаслигини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги картошка нархи қачон тушишини маълум қилганди.
LiveБарчаси