Қозоғистон АЭС референдумига 32,1 млн доллар сарфламоқчи
Олам
−
04 Сентябрь
2075Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси атом электр станцияси бўйича референдум ўтказиш учун 15,5 миллиард тенге (32,1 миллион доллар) сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Sputnik” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, МСК харажатларнинг тахминий (дастлабки) сметасини ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун ҳукуматга тақдим этади.
“Табиий равишда, биз тайёргарлик кўрдик ва ҳисоб-китоб қилдик. Бизнинг сметамизга кўра, харажатларнинг умумий миқдори 15,5 миллиард тенгени ташкил этади. Бу сумма дунёнинг 63 мамлакатида жойлашган 78 та хорижий сайлов участкасида референдумни ташкил этиш ва ўтказиш харажатларини ўз ичига олади”, дейди МСК аъзоси Сабила Мустафина.
Нашрга кўра, умумий маблағнинг 71 фоизи барча даражадаги комиссия аъзоларининг иш ҳақига сарфланади. Сабила Мустафина молиявий маблағларни комиссия раиси тасарруф этишини айтди. Бундан ташқари, маблағлар давлат аудити ва молиявий назорат органлари томонидан ҳам назорат қилинади.
Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев халққа қилган мурожаатномасида Қозоғистонда АЭС бўйича референдум 6 октябрда ўтказилишини айтганди. Станцияни қуришда иштирок этиши мумкин бўлган компаниялар орасида Қозоғистон ҳукумати “Росатом”, KHNP (Жанубий Корея), EDF (Франция) ва China National Nuclear Corporation’ни (Хитой) танлаган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев 2 сентябрь куни Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум 6 октябрь куни ўтказилишини маълум қилганди.
LiveБарчаси