Тўқаев АЭС қуриш бўйича референдум қачон бўлишини айтди
Олам
−
02 Сентябрь
2995Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум 6 октябрь куни ўтказилади. Бу ҳақда республика Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 2 сентябрь куни халққа мурожаатида маълум қилди.
“Глобал энергия тақчиллиги ошиб бораётганини ҳисобга олиб, биз ишончли ва экологик тоза энергия манбаларига жуда муҳтожмиз. Шунинг учун, назаримда, атом энергетикасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиш лозим. Бу турдаги авлод иқтисодиётимизнинг жадал ўсиб бораётган эҳтиёжларини асосан қондира олади. Ҳозирги вақтда 30 та ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда 200 га яқин атом электр станциялари фаолият юритмоқда. Биз узоқ муддатли миллий манфаатларни, мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда келажак ҳақида ўйлашимиз керак. Шу боис атом электр станциясини қуриш масаласида пухта ўйланган қарор қабул қилиш, стратегик режаларни жамиятда кенг муҳокама қилиш зарурлигини доимо таъкидлаб келганман. Мамлакат ҳаёти учун муҳим бўлган ҳар бир қадам халқ қўллаб-қувватлаши билан ташланиши керак.
Атом электр станциялари бўйича референдумда ҳам шундай бўлиши керак. Унинг амалга оширилиши ҳақида ўтган йили гапирган эдим, яъни бу мавзу бир йилдан буён жамоатчилик кун тартибидан жой олган. Бу фуқароларнинг онгли қарор қабул қилишлари учун етарли муддат, деб ҳисоблайман. Шу муносабат билан мен ҳукумат таклифини қўллаб-қувватлайман. Жорий йилнинг 6 октябрь куни атом электр станциясини қуриш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтади, бугун мен тегишли фармонни имзолайман.
Бўлажак референдум кенг миллий мулоқотнинг яна бир кўриниши ва “тингловчи давлат” концепциясини амалга оширишнинг ёрқин намунаси бўлади. Моҳиятан, бу қадамлар билан биз янги ижтимоий-сиёсий маданиятни шакллантирмоқдамиз, муҳим давлат қарорларини қабул қилишнинг янги стандартларини белгилаяпмиз”,деган Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, 20 август куни Остонада Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш масаласи жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтганди. 27 августда Қозоғистон ҳукумати мажлисида "Республика референдумини ўтказиш тўғрисида"ги фармон лойиҳаси учун овоз берилди ва у Президентга кўриб чиқиш учун юборилди.