Қозоғистон аҳолиси ҳам кўпайди
Олам
−
04 Сентябрь 20384 2 дақиқа
2025 йилнинг январь-июль ойларида Қозоғистон аҳолиси 124,5 минг нафарга ёки 0,61 фоизга кўпайди. Натижада 1 август ҳолатига кўра, аҳолининг умумий сони 20 миллион 407,8 минг кишига етди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, бу йилги аҳоли сонининг ўсиш суръати аввалги йилларга нисбатан анча секинлашган. Шу билан бирга, мамлакатнинг ярмидан кўп ҳудудларида юқори даражадаги миграция сабабли аҳоли камайишда давом этмоқда.
Республика бўйича ўсиш ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган беш ҳудуд қайд этилган: Остона (3,92 фоиз), Чимкент (1,99 фоиз), Олмаота (1,46 фоиз), Олмаота вилояти (1,34 фоиз) ва Манғистау вилояти (1,11 фоиз). Яна тўртта вилоятда ўсиш бўлса-да, у ўртача кўрсаткичдан паст бўлган. Бу Ақтобе, Атирау, Оқмола ва Қизилўрда вилоятлари саналади.
Қолган барча вилоятларда аҳолининг камайиши кузатилган. Энг юқори камайиш Шимолий Қозоғистон, Абай ва Улитау вилоятида қайд этилган. Шимолий Қозоғистон ва Шарқий Қозоғистон вилоятларида эса табиий камайиш кузатилиб, ўлим даражаси туғилишдан ошиб кетган. Қолган ҳудудларда табиий ўсиш сақланиб қолган.
Миграцион ўсиш фақат бешта ҳудудда – учта йирик шаҳар (Остона, Олмаота, Чимкент) ҳамда Олмаота ва Манғистау вилоятларида ижобий бўлган. Бошқа ҳудудларда эса, аксинча, кетаётганлар сони келаётганлардан кўп.
Шаҳар аҳолиси январь-июль ойларида 1,2 фоизга кўпайиб, 12 миллион 926 минг кишига етган. Қишлоқ аҳолиси эса 0,38 фоизга камайиб, 7 миллион 482 минг кишини ташкил этган. Шу тариқа, Қозоғистон аҳолиси таркибида шаҳарликлар улуши 63,3 фоизни, қишлоқликлар эса 36,7 фоизни ташкил қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Тожикистон аҳолиси 10,6 миллион кишидан ошганди. Январь–июнь ойларида 116,2 минг янги туғилган чақалоқ ва 17,2 минг нафар вафот этган фуқаро қайд этилган. Уларнинг орасида бир ёшга тўлмаган 800 бола ҳам бор.
Live
Барчаси