Қорақалпоғистондаги 75 беморга мўлжалланган шифохонада 157 киши даволаняпти – Омбудсман
Жамият
−
06 Январь
7177Қорақалпоғистон Республикасида ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тахиатош тумани филиалида сақланаётган беморларга яратилган шароитлар белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, марказда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2 маротаба Омбудсман тақдимномаси киритилган.
Вазирликнинг жавоб хатига кўра, 2018-2020 йиллар мобайнида ушбу муассасани таъмирлаш учун жами 1,6 млрд сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига таъмирлаш ишлари олиб борилган. Беморлар учун эса 725,2 млн сўмдан ортиқ маблағга керакли қаттиқ ва юмшоқ инвентарлар харид қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ушбу муассасани реконструкция қилиш ишлари учун 10,0 млрд сўм маблағ ажратиш белгиланган.
Мазкур жавоб хатида Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани филиалини бошқа бинога кўчирилиши бўйича чоралар амалга оширилаётганлиги қайд этилган.
2023 йил охирида Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили ушбу муассасага қайта мониторинг ташрифини амалга оширган. Ташриф давомида тиббиёт марказида беморларга яратилган шароитлар бартараф этилмагани маълум бўлган. Хусусан, ўрганиш куни 75 нафар шахсга мўлжалланган муассасада 157 нафар бемор даволанаётгани аниқланган.
Шу билан бирга, муассаса биноси тўлиқ капитал таъмирталаб ҳолда бўлиб, ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмагани ва беморларни очиқ ҳавода сайр қилиш майдони ҳам талаб даражасида эмаслиги, филиалнинг барча қаватларидаги ювиниш хоналарида иссиқ сув мавжуд эмаслиги маълум бўлган. Бундан ташқари, даволаниш хоналарида кроватлар зич жойлаштирилгани ва асбоб-ускуналарнинг яроқсиз ҳолатда эканлиги, ҳаттоки, овқатланиш хонаси ташкил этилмагани, махсус идишларнинг йўқлиги сабабли беморларнинг овқатланиши учун ўзлари томонидан олиб келинган идишлардан фойдаланаётгани аниқланган.
Мониторинг давомида Омбудсманнинг минтақавий вакили дарҳол электр иситиш қурилмасининг алмаштирилишини талаб қилгани сабабли, иссиқ сув масаласи жойида ҳал этилган.
“Ўрганишлар тегишли масъулларнинг эътиборсизлиги оқибатида муассасадаги беморлар ноқулай шароитларда даволанишга мажбур бўлаётганлигини кўрсатмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман тегишли масъул вазирликни зудлик билан чоралар кўришга чақиради ҳамда ушбу муассасага ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланганлик ҳолатини ўрганишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди”, дейилади Омбудсман хабарида.
LiveБарчаси