Қорақалпоғистонда Қизил китобга киритилган икки буғу ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
19 Июль 2023
5941Қуйи Амударё биосфера резерватида Ўзбекистон Республикасининг Қизил Китобига киритилган иккита Бухоро буғуси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, жорий йилнинг 16 июль куни соат 06:00 да Қорақалпоғистон Республикаси Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг Беруний давлат ўрмон хўжалиги участкасидан 2 та Бухоро буғусининг жасади топилди. Улар браконьерлар томонидан қўйилган тузоққа тушган.
Шундан сўнг, ҳайвонларнинг нобуд бўлишига алоқадор шахсларни аниқлаш учун Қуйи Амударё давлат биосфера резервати бошқармаси инспекторлари воқеа жойида пистирма ташкил қилди. Бир неча соат ўтгач, ниқобли икки номаълум шахс пистирмага яқинлашган, аммо инспекторларни пайқаб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Қуйи Амударё қўриқхонаси инспекторларининг Беруний тумани Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликдаги тезкор ҳаракатлари натижасида, воқеага алоқадор браконьерлар – Беруний тумани “Бийбозор” қишлоғида яшовчи 1993 йилда туғилган Ш.А., 1990 йилда туғилган Р.Б. ва 1985 йилда туғилган И.Д.лар қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Беруний тумани ИИБ томонидан ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги факти юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Бухоро буғуси сут эмизувчи ҳайвонларнинг кенжа тури ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Қизил Китоби ва Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига йўқ бўлиб кетаётган, локал тарқалган тур сифатида киритилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь