Қорақалпоғистонда 24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади
Жамият
−
30 Апрель 2021
4122Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу таклифни маъқуллади.
Ихтисослаштириш таклиф этилаётган туманлардаги мавжуд хомашё ва йирик заводлар инфратузилмасидан фойдаланиб, уларга яқин жойда янги корхоналар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Мазкур 24 та туманда инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан қўшимча 400 миллиард сўм, геология ишларини амалга оширишга 100 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Қурилиш материаллари тармоғида умумий қиймати 5 миллиард долларлик мингдан зиёд янги лойиҳалар шакллантирилган. Бу орқали 25 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мақсад қилинган.
“Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан ушбу соҳадаги лойиҳалар учун 300 миллион долларлик кредит линияси очиш, банк филиалларидаги консалтинг марказлари орқали тадбиркорларга амалий ёрдам бериш таклифи билдирилган. Президент бунга қўшимча, мазкур банк орқали давлат томонидан 200 миллион доллар ажратиш бўйича кўрсатма берди.
Янги турдаги қурилиш ва пардозлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларига 15 миллиард сўмгача кафиллик берилиши таъкидланди. Шунингдек, бундай корхоналарга миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банк ставкасидан 10 фоизгача ортиқ қисми ва хорижий кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилади.