Қорақалпоғистон ССВ раҳбарига бирдан уч ўринбосар тайинланди
Жамият
−
01 Декабрь 2020
4902Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари тайинланди.
Қурал Жалгасбаевич Камалов Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У бугунгача С. Султонов номидаги Республика фтизиатрия ва пульмонология марказининг директори лавозимида ишлаб келаётганди.
Ундан аввал Қурал Камалов Кегайли туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимида ишлаган. 2013 – 2018 йилларда ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида хизмат қилган.
Акмал Алишерович Асқаров Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У бугунгача Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали директорининг инновацион масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Мутахассислиги травматолог-ортопед бўлган Акмал Асқаров Тахиатош туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими мудири, Ҳўжайли туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналикни ва болаликни мухофаза қилиш бўлими бош мутахассиси каби вазифаларда ишлаган.
Аймурат Кувандикович Тангирбергенов Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг иқтисодий ва умумий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станциясининг бош шифокори лавозимида ишлаб келаётганди.
Ундан аввал Аймурат Тангирбергенов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиалининг қон қуйиш бўлим мудири лавозимида ҳам ишлаган.
Аввалроқ, Мурод Исмоилович Қурбонов Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.