Қорачай-Черкес республикасида ҳам ҳижоб кийиш вақтинчалик тақиқланди

Олам

image

Кеча, 4 июль кунидан бошлаб Россия таркибига кирувчи Қорачай-Черкес республикасида ҳам ҳижоб ва юзни тўсиб турувчи ниқоб кийиш вақтинчалик тақиқланди. Бу ҳақда республика муфтияти хабар берди.

Қорачай-Черкес республикасининг мусулмонлари диний бошқармаси раиси, Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш маркази раиси, Россия Президенти ҳузуридаги диний бирлашмалар билан ҳамкорлик кенгаши аъзоси Исмоил Бердиев томонидан тасдиқланган ушбу қарорга Доғистон муфтияти мамлакатда ниқоб кийишни вақтинча тақиқлаши ортидан имзо чекилди. Ўшанда Доғистон раҳбари Сергей Меликов ҳам ниқоб кийишга қарши чиқиб, бу кийим Кавказ халқларига хос эмаслигини айтган.

“Диний бошқарма аниқланган таҳдидлар бартараф этилмагунича ва янги диний хулоса чиқарилгунга қадар Россиядаги замонавий шароитда ниқоб кийиш тақиқланган, деб ҳисоблайди”, дейилган Бердиев имзолаган қарорда.

Ниқоб кийишни тақиқлаш масаласи жорий йилнинг 23 июнь куни Махачқалъа ва Дарбандда қуролли одамлар томонидан отишма бошланганидан кейин юзага келган.  

Маълумот учун, 2023 йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, юзни тўсиб турувчи кийимларни кийганлик учун жарима белгиланди.

Қонун билан жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб юрган шахсга нисбатан БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима қўлланилиши белгиланди. Шунингдек, ушбу ҳолатда тиббий рухсатнома мавжудлиги, ходимнинг иши ушбу вазиятни тақозо этиши каби баъзи истиснолар ҳам мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

тақиқ ниқоб ҳижоб Қорачай-Черкес

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made