Қорабоғдаги провокация: Москва Бакунинг танқидларига жавоб қайтарди

Олам

image

Россия томони Тоғли Қорабоғ минтақасидаги тинчликпарвар контингентга қарши айрим танқидий баёнотларни асоссиз деб ҳисоблайди. Бу ҳақда бугун, 11 август куни бўлиб ўтган брифингда Россия ТИВ ахборот ва матбуот департаменти директори ўринбосари Иван Нечаев маълум қилди. 

"Интенсив сиёсий алоқалар билан бир қаторда россиялик тинчликпарвар кучларнинг фаол ишлари давом этмоқда, улар жойларда вазиятни барқарорлаштириш учун зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Баку ҳам, Ереван ҳам Россия тинчликпарвар контингентининг муҳим ролини бир неча бор таъкидлаб ўтган. Россия тинчликпарвар контингентининг алоҳида танқид қилинишини асоссиз деб биламиз. Қўшимча маълумот олиш учун улар Россия Мудофаа вазирлиги билан боғланишни таклиф қилишади”, дейди у. 

Нечаев минтақадаги вазият Москванинг диққат марказида эканини таъкидлади.  

“Россия томони Арманистон ва Озарбайжон томонлари билан ҳам юқори даражада, ҳам Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Россиянинг бошқа бўлимлари орқали доимий алоқада бўлиб турибди”, дея давом этди дипломат. 

Унинг қайд этишича, 2 ва 8 август кунлари Россия Президенти Владимир Путин Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилган. Вазирлар Сергей Лавров ва Сергей Шойгу озарбайжонлик ва арманистонлик ҳамкасблари билан гаплашган. 

“Юқоридаги барча масалалар, жумладан, Лочин йўлаги атрофидаги вазият Озарбайжон ва Арманистон томонларига мос келадиган ечимларга эришиш учун маслаҳатлашувлар мавзусидир. Муаммонинг нозиклигини инобатга олиб,  муҳокама қилинаётган келишувлар тафсилотларини ошкор қилмаймиз”, дейди Иван Нечаев.

Россия тинчликпарвар контингентининг Тоғли Қорабоғдаги масъулият зонасида вазият кескинлашгани қайд этилган. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўт очишни тўхтатиш режими Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан Сарибаба тепалиги ҳудудида бузилган. Тинчликпарвар кучлар қўмондонлиги Озарбайжон ва Арманистон томонлари вакиллари билан биргаликда вазиятни барқарорлаштириш чораларини кўрмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги август ойи охиригача Россия Федерацияси, Озарбайжон ва Арманистон вакиллари ўртасида юқори даражада алоқалар ташкил этиш режалари ҳақида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 август куни расмий Баку Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги ноқонуний арман қуролли тузилмалари аъзолари Озарбайжон армиясининг Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига кучли ўт очгани, оқибатда 2 аскар қурбон бўлгани, 14 киши жароҳатлангани ҳақида маълумот берган эди. 

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилганини маълум қилди. Амалиёт бошланишига кеча Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлган.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорабоғ

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг