Путин Пашинян билан Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
09 Август 2022
4445Россия Президенти Владимир Путин ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян телефон орқали Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Арманистон томони ташаббуси билан ўтказилган суҳбат якунлари бўйича Кремль матбуот хизмати хабар берди.
“Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазиятнинг ривожланиши, шунингдек Арманистон-Озарбайжон чегарасида хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди”, дейилади Кремль хабарида.
Шу маънода Путин ва Пашинян Тоғли Қорабоғ бўйича уч томонлама келишувларни муҳокама қилган.
“Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари ўртасида 2020 йил 9 ноябр, 2021-йил 11 январь ва 26 ноябрдаги келишувларнинг барча бандларини амалга ошириш муҳимлиги тасдиқланди”, дейилади Россия раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Кеча, 8 август куни Озарбайжон Арманистон томонини яна Арманистон билан чегарада ва Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айблаб, сўнгги сутка давомида арман қуролли тузилмалари Озарбайжон армиясининг позицияларини 10 марта ўққа тутганини таъкидлаган эди.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Россия тинчликпарвар контингентининг Тоғли Қорабоғдаги масъулият зонасида вазият кескинлашгани қайд этилганини маълум қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, ўт очишни тўхтатиш режими Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан Сарибаба баландлиги ҳудудида бузилган. Тинчликпарвар кучлар қўмондонлиги Озарбайжон ва Арманистон томонлари вакиллари билан биргаликда вазиятни барқарорлаштириш чораларини кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 3 август куни Озарбайжон билан тўқнашув чизиғида вазиятнинг кескинлашиши оқибатида икки нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, яна 14 нафари яраланган.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, айни вақтда вазият нисбатан сокинлашган, Тоғли Қорабоғ кучлари россиялик тинчликпарвар кучлар билан бирга вазиятни барқарорлаштириш устида иш олиб бормоқда.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилганини маълум қилди. Амалиёт бошланишига кеча Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси