Қорабоғда россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлди. Текширув бошланди

Олам

image

Қорабоғда Россия тинчликпарвар контингентининг олти нафар аъзосининг ҳалок бўлиши ва яна бирининг жароҳатланишига сабаб бўлган икки ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Озарбайжон Бош прокуратураси хабар берди.

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Жаниятоғ қишлоғида (Тертер тумани) аксилтеррор тадбирларида қатнашган Озарбайжон Қуролли кучларининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари Россия тинчликпарвар кучлари бўлган автомобилни ўққа тутган. 

Қайд этилишича, ҳарбийлар “оғир рельеф, туман ва ёмғирли об-ҳаво шароити туфайли” машинани “ноқонуний арман қуролли гуруҳларига тегишли” деб ўйлашган. Оқибатда Россия тинчликпарвар контингентининг беш нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. 

Бундан ташқари, ўша ҳудудда “ноқонуний арман қуролли тузилмаларининг номаълум аъзолари” Россия тинчликпарвар кучларига тегишли “Камаз”га қарата ўқ узган, оқибатда бир россиялик аскар ҳалок бўлган, яна бири яраланган.

Билдирилишича, кеча, 21 сентябрь куни Озарбайжон ва Россия Бош прокурорлари ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтган. Озарбайжон Бош прокурори аскарларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан Россия томонига чуқур ҳамдардлик билдирган. Бош прокуратура томонлар яқин ҳамкорликда кенг қамровли тергов ўтказишга келишиб олганини маълум қилган. Прокуратура томонидан жиноят иши бўйича тергов-тезкор тадбирлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. 20 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 да мазкур тадбирлар тўхтатилди.  Кеча, 21 сентябрь куни Евлах шаҳрида Қорабоғ арман жамияти вакиллари Озарбайжоннинг масъул вакили билан учрашиб, музокара ўтказди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам россиялик мавқедоши Владимир Путин билан телефон орқали Қорабоғдаги аксилтеррор чораларини якунлаш масаласини муҳокама қилганди. У ҳам Путинга Россия тинчликпарвар контингенти ҳарбий хизматчиларининг фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан узр сўраб, чуқур ҳамдардлик билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон Қорабоғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг