Қорабоғ низоси: Озарбайжон арман асирлари эвазига миналанган майдонлар харитасини олди
Олам
−
13 Июнь 2021
4535Озарбайжон ва Aрманистон AҚШ Давлат департаменти ва Грузия ҳукумати воситачилигида ўзаро алмашинув ўтказдилар: расмий Баку 15 арман асирини озод қилди ва Ереван Тоғли Қорабоғ туманларидан биридаги миналаштирилган майдон харитасини топширди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ва Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян маълум қилди.
“2021 йил 12 июнь куни Арманистон томони Ағдам туманида жойлаштирилган пиёдалар ва танкларга қарши 97000 дона миналар харитаси эвазига озар-грузин чегарасида Грузия гувоҳлигида Арманистонга 15 нафар арманистонлик топширилди”, дейилади Озарбайжон ТИВ хабарида.
Озарбайжон ТИВ Грузия ҳукумати ва Бош вазир Иракли Гарибашвилига воситачилик учун миннатдорлик билдирди ва AҚШ давлат котибининг Европа ва Евроосиё ишлари бўйича ёрдамчиси Филипп Риконинг, давлат котиби Энтони Блинкеннинг, шунингдек Европа Иттифоқи ва ЕХҲТ раҳбариятининг хизматларини олқишлади.
Никол Пашинян шанба куни Филипп Рикер билан икки кун олдин учрашганини билдириб, у давлат котиби Блинкен унга асирларни қайтаришни масаласида натижага эришишни буюрганини айтган.
“Бугун Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили, шунингдек Европа Иттифоқидаги ҳамкорларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан, асирликдаги 15 одамимиз Арманистонга қайтарилди - улар Озарбойжондан Грузияга Қизил кўприк орқали ўтишди, кейин Баграташен орқали Aрманистонга қайтиб келишди”, дея Пашиняннинг сўзларини келтирган “Новости-Армения”агентлиги.
Пашиняннинг сўзларига кўра, қайтарилган асирлардан тўрт нафари яқинда чегарадаги ҳодиса вақтида Озарбайжон томонидан асирга олинган 6 кишилик гуруҳдан, яна бир неча киши уруш тугагач Тоғли Қорабоғ жанубида қўлга тушган бир неча ўн кишилик гуруҳ таркибидан, қолганлар ўтган йил сентбярь-ноябрь ойларида олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар давомида асир олинганлар.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 15 нафар арман аскарининг асирликдан озод қилинишини олқишлаб, воситачилик учун Грузия ҳукуматига миннатдорлик билдирди. Алмашинувни ЕХҲТ раиси Анн Линде ҳам олқишлади.
2020 йил кузидаги уруш тугаганидан етти ой ўтган бўлса-да Арманистон Озарбайжонни ҳарбий асирларни қайтармасликда айблаб келмоқда. Ўз навбатида Баку туманлардаги миналаштирилган майдонлар харитасини топширмаётганидан норози.
Сўнгги ҳарбий ҳаракатлар вақтида қанча арман аскари Озарбайжонга асир тушгани номаълум. Икки томон ҳам бу борада аниқ маълумотларни келтирмаган. Турли тахминларга кўра 200 нафар атрофида асир бор.
“Новости-Армения” агентлиги 12 июнгача Россия тинчликпарвар кучлари воситачилигида 72 нафар арманистонлик ва 16 нафар озарбайжонлик асир уйга қайтганини ёзмоқда. Эндиликда АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда Грузия воситачилигида 15 нафар арман ҳарбийлари оиласига қайтди.
Ағдам туманидаги 97 мингта мина тўғрисидаги маълумот Озарбойжон назоратига ўтган Тоғли Қорабоғ атрофидаги ҳудудларда миналар муаммоси кўламини англашга ёрдам беради.
Aғдам вилояти ўтган йилги урушгача Aрманистон ва Озарбайжон кучлари тўқнашуви чизиғи ўтган тўрт тумандан биридир. Шу билан бирга май ойи охирида Озарбойжоннинг ҳудудларни миналардан тозалаш агентлиги (ANAMA) сапёрлар урушдан кейинги 7 ой мобайнида 20 мина ва портламай қолган қурилмаларни зарарсизлантиргани ҳақида маълум қилганди. Яна 26000 ўқ-дори ва миналар янги алоқа линиясидаги Россия тинчликпарвар кучлари сапёрлари томонидан зарарсизлантирилган.
Озарбайжон расмийларининг маълумотларига кўра, ўтган етти ой ичида Қорабоғ атрофидаги туманларда етти ҳарбий ва 20 нафар фуқаро портлаб ҳалок бўлган ва юздан ортиқ одам жароҳат олган.
Сўнгги қурбонлар 4 июнь куни Тоғли Қорабоғ шимолида танкка қарши минага тушиб қолган юк машинасида бўлган икки озарбойжонлик журналист ва бир амалдор бўлганди.
Озарбайжон жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон билан бошланган қуролли тўқнашувлардан кейин норябрь ойига келиб Тоғли Қорабоғни мустамлакадан озод қилди. Қорабоғ ерлари 29 йиллик арман мустамлакасидан яна Озарбайжонга қайтди. Расмий Баку айни вақтда ушбу ҳудудлар ўтган йиллар давомида вайронага айлантирилиб, тарихий обидалар йўқ қилингани, инфратузилма ишдан чиққани, бу ҳам етмагандек, арман Ҳукумати ҳудудларга миналар ўрнатгани ва Қорабоғ ерлари Озарбайжон қўлига ўтганига қарамай, миналанган ерлар харитасини бермай келаётганини таъкидламоқда. Куни кеча ушбу миналанган ҳудудларда Озарбайжон журналистлари ўтирганган автомобиль портлаб кетди. Оқибатда 3 киши – икки журналист ва бир амалдор қурбон бўлди. Мамлакат вице-президенти Меҳрибон Алиева мурожаат билан чиқиб, халқаро ҳамжамият, халқаро журналистлар ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида ўзини намоён этиб келган ноҳукумат ташкилотлар журналистларнинг миналанган ҳудудларда қурбон бўлганига панжа ортидан қараб, Арманистоннинг ҳаракатларига кўз юмиб келаётганини таъкидлаган эди.
Жорий йилнинг 27 май – 4 июнь кунлари Ўзбекистондаги 2 мингга яқин оммавий ахборот воситалари орасида фақатгина QALAMPIR.UZ мухбири биринчи бўлиб Озарбайжоннинг уруш кечган ҳудудларида, жумладан Ганжа шаҳрининг ракета зарбасидан вайрон тумани ва Қорабоғнинг Ағдам, Фузули туманларида бўлиб қайтди. Журналист Феруза Нажмиддинова Фузули ва Ағдам туманларида миналанган ҳудудлар борлигига ўз кўзи билан гувоҳ бўлганини айтади.
Аввалроқ, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Қорабоғдаги миналаштирилган майдонлар масаласини ҳал қилиш муҳим эканини таъкидлаб, икки томонни ҳам келишувга чақирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь