Қора шаҳзода АҚШга таҳдид қилди
Олам
−
10 Июнь 2023
37081Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, мамлакат Бош вазири Муҳаммад бин Салмон нефть можароси фонида АҚШга "катта" иқтисодий зарар келтириш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “The Washington Post” хабар берди.
Муҳаммад бин Салмоннинг огоҳлантиришича, агар Жо Байден маъмурияти қиролликни нефть нархи чегарасини белгилаш сиёсати учун жазоламоқчи бўлса, АҚШни даҳшатли иқтисодий оқибатлар кутади.
Гап шундаки, 2022 йил октябрь ойида АҚШ Президенти Жо Байден Саудия Арабистони OPEC+ ташкилотига аъзо давлатларнинг кунлик нефть қазиб олишни икки миллион баррелга қисқартириш бўйича келишуви шартларини қабул қилганидан норозилигини билдирган.
“Ар-Риёд Россия билан амалга оширган ишларнинг оқибатлари бўлади”, деган Байден.
Шунингдек, у Конгресс билан ҳамкорликда мазкур ҳолат юзасидан чора кўришини таъкидлаган. Америка нашрлари эса Саудия Арабистони АҚШ билан нефть қазишни кўпайтириш бўйича махфий келишувларни бузганини ёзган.
Айтилишича, Жо Байденнинг оммавий таҳдидларидан сўнг, Саудия шаҳзодаси агар Вашингтон ҳақиқатан ҳам жавоб чораларини қўлласа, бу АҚШнинг ўзи учун “йирик иқтисодий оқибатлар” келтириши билан таҳдид қилган ҳамда “Байден маъмурияти билан энди муомала қилиб ўтирмаслигини” айтган.
Оқ уй расмийлари эса Саудия Арабистонидан бундай таҳдидлар бўлгани ҳақида эшитмаганини билдиради. Уларнинг айтишича, ОАВга ошкор бўлган ҳужжатларнинг тарихи узун бўлиб, улар ҳозирги вазият ҳақида тўлиқ тасаввур бера олмайди.
LiveБарчаси