“Қора олтин”нинг қуюқлашган муаммоси: жаҳон нефть бозорининг келажаги хавф остидами?
Олам
−
21 Апрель 2020
5276Кеча, 20 апрель куни биржа савдоларида Америка нефти нархи тарихда илк бор манфий даражага тушиб кетди. Бу нефть ишлаб чиқарувчилар май ойида омборхоналар тўлиб қолиши мумкинлигини ҳисобга олиб, харидорларга пул тўлаб, нефть сотади дегани. Агар буни сотиш, деб бўлса.
Бутун дунёда карантин ўрнатилгани ва барча уйда қолаётгани учун нефтга деярли талаб бўлмаяпти. Натижада нефть компаниялари ортиқча нефтни сақлаш учун ижарага танкер оляпти ва бу Америка нефтининг нархи манфий бўлишига сабаб бўляпти.
West Texas Intermediate (WTI) нефтининг бир баррели минус 37,63 долларгача тушиб кетди.
“Бу ғалати. Талаб шоки шу қадар кучли бўлдики, одамлар кутган барча таъминлардан ошиб тушди”, дейди CFRA Research компаниясининг энергетик акциялари бўйича таҳлилчиси Стюарт Гликман.
20 апрелдаги кескин пасайиш дунё нефть бозорининг техник хусусияти билан ҳам боғлиқ. Нефть келажакдаги нархи билан сотилади. Фючерс шартномалари эса бугун тугайди. Шунинг учун, сотувчилар нефтни етказиб бериш ва сақлаш учун харажатлардан қочиш учун захираларини бўшатишга ҳаракат қилди.
WTI`нинг июнь ойи учун нархлари ҳам пасайди, бироқ баррели учун 20 доллардан қимматроқ бўлиб турибди. Европа ва дунёда намуна сифатида фойдаланиладиган Brent Crude ҳам 8,9 фоизга арзонлаб июндаги шартномалар бўйича баррелига 26 доллардан сотиляпти.
Стюарт Гликман нефть нархининг тарихий ўзгариши “қора олтин” бозори дуч келган босимни эслатаётганини таъкидлаб, чекловлар (карантин давридаги) сақланиб қолса, инюдаги нархлар ҳам паст бўлишини айтиб ўтган.
“Мен ҳақиқатда нефть компаниялари ва нефть нархи нисбатан оптимистик руҳда эмасман”, деган у.
Буюк Британия нефть-газ секторидаги бизнес-лобби OGUK америка нефтининг арзонлашиши Шимолий денгизда ишловчи компанияларга таъсир қилишини айтмоқда.
“Бу бозорнинг АҚШдаги динамикаси Буюк Британияда ишлаб чиқариладиган Brent бозори динамикасидан фарқ қилади. Аммо биз таъсирдан қочиб қололмаймиз. Бизнинг бозор – бу шунчаки савдо бозори эмас, ҳар бир йўқотилган пенни иш ўринларига нисбатан улкан ноаниқликни келтириб чиқаради”, деган OGUK раҳбари Дейрдре Мичи.
Етакчи нефть экспортёрлари – OPEC ва унинг иттифоқчилари, масалан, Россия қазиб олиш ҳажмини камайтиришга келишиб олди. Американинг ўзида ҳам нефть ишлаб чиқарувчилар савдо келишуви билан қазиб олишни қисқартиришга келишди. Аммо бу етарли бўлмаяпти. Дунёда талаб қилинаётгандан анчагина кўп нефть хомашёси бор.
Эътиборлиси, масала биз ундан фойдалана олишимизда эмас, балки чекловлар етарлича юмшатилиб, қўшимча нефтга талаб пайдо бўлгунча хомашёни сақлай олишда.
Дунё нефть бозоридаги ҳозирги вазият одамлар нормал ҳаётга қайтиб, талаб табиий равишда ўсмагунча ўнгланмаслигини кўрсатяпти. Ишлаб чиқаришдаги ҳар қандай чекловлар нефть нархини қутқариши даргумон. Ўз навбатида, одамларнинг нормал ҳаётга қайтиши соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқироз қай тарзда ҳал этилишига боғлиқ.
Хусусий сектордаги нефть компаниялари паст нархга жавобан ишлаб чиқаришни янада қисқартиришни кўриб чиқади. Аммо улар бозорга фундаментал таъсир ўтказа олмайди. Чунки табиий талаб бўлмагандан кейин ишлаб чиқаришни тўхтатиш қўшимча ишсизликни келтириб чиқаради, холос.
АҚШ Презденти Дональд Трамп Ҳукумат ортиқча нефтни мамлакат миллий захираси учун сотиб олишини маълум қилди. Бироқ ваҳима тинмаяпти, чунки АҚШда нефть омборхоналари тўлиб бўляпти.
Сўнгги маълумотларга кўра, америка нефти нархи мусбат даражага чиқиб олди. Аммо нарх ҳамон жуда паст.
Бундан бир неча ҳафта илгари АҚШ Президенти истаган вақти нефть бозорига таъсир ўтказа олиши мумкинлиги ҳақида айтганди. Бунинг учун уларда етарлича “ричаг” борлигини таъкидлаганди. Афтидан, ўша дастакларни ишга соладиган вақт келди. Агарда улар ҳамон таъсир кучига эга бўлса...