Қора курсидаги Ташиев жамоатчилик олдида кўриниш берди (видео)
Олам
−
09 Июнь 11838 4 дақиқа
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев лавозимидан кетганидан сўнг яна бор жамоатчилик олдида кўриниш берди. У уй-жойга муҳтож бўлган оилага янги хонадон калитларини топшириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, тадбир давомида Қамчибек Ташиев янги уй калитларини эгаларига шахсан топширган ва оилага фаровонлик тилаган.
“Ҳар бир инсон ўз уйига эга бўлиши керак. Президент Садир Жапаров фуқароларнинг уй-жой муаммоларини ҳал этишга қаратилган сиёсат олиб бормоқда. Ўш ва Қорасув шаҳарларида ипотека уйлари қандай очилганини ўзингиз кўрдингиз. Минглаб оилалар ўз уй-жойига эга бўлиш имкониятини қўлга киритди. Ҳар бир муҳтож оиланинг боши устида бошпанаси бўлиши лозим”, дейди у.
Тадбир иштирокчиларининг сўзларига кўра, уй қурилиши оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилага хайрия ёрдами сифатида ташкил этилган.
Қайд этиш жоиз, Қамчибек Ташиевнинг ушбу маросимда иштирок этиши унинг МХДҚ раиси лавозимидан истеъфога чиққанидан кейинги илк оммавий чиқиши бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жогорку Кенешнинг собиқ тўрағаси Нурланбек Турғунбек ўғли “75 лар хати” деб аталувчи ишда фигурант сифатида иштирок этаётгани, у билан бирга Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг собиқ ўринбосари Қамчибек Ташиев, собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев ҳамда бир қатор сиёсатчи ва жамоат арбоблари ҳам шу ишга алоқадор экани ҳақида хабар берилган эди.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси