Қонунчиликка педофилларни бичиш жазосини киритиш таклиф қилинди

Жамият

image

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов қонунчиликка педофилларни кимёвий ва жисмоний бичиш амалиётини киритишни таклиф қилиб чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида ёзмоқда.
Гап шундаки кеча, 27 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракциясида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинган. Қонун лойиҳаси бугун, 28 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилади.

Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик содир этганларга жазо чоралари ҳақида фикрларини билдирган Бобур Бекмуродов шундай ёзади:

“Қонунчиликка педофилларни кимёвий ва жисмоний бичиш амалиёти киритилиши шарт. Қанча жазо муддатларини оширмайлик, такроран содир этиш хавфи сақланиб қолади. 20 ёшли эркак педофиллик қилса, 15 йил ўтириб чиққанда 35 кирган бўлади. Яна шу жиноятни содир этади. Педофилия – бу касаллик!” дейди "Юксалиш" раиси.

Бироқ унинг таклифини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев кескин рад этиб, бу таклифнинг қалтис томонлари борлигини айтган.

“Ҳукмда белгиланган жазо муддатни бошидан охиригача ўтаса, етарли, менимча! Сиз айтаётган таклифнинг қалтис томонлари бор”, дейди депутат.

Бекмуродов ўз фикрларини тўлдирар экан, жисмоний бичиш амалиёти ҳаммага қўлланмаслигини қўшимча қилган.

“Қонунга кимёвий ва жисмоний бичиш чорасининг киритилиши – бу ушбу чоранинг ҳаммага қўлланилишини англатмайди. Яъни, айби аниқ далиллар билан исботланган ва психологик ташхис қўйилган ашаддийларига қўлланилиши мумкин”, деган Бекмуродов.

Одилжон Тожиев “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбарининг “қалтис” таклифига қарши чиқишда давом этиб, шундай деди:

“Бундай қўшимча жазо олишини билган жиноятчи, айбини яширишга кўпроқ ҳаракат қилади. Оқибатда жабрланувчининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин”.

“Юксалиш” раиси эса ўз фикрида қатъий туриб, кўпчилик ҳали ҳам педофилларни оддий жиноятчи сифатида кўраётгани, педофилия бу ўта оғир касаллик эканини урғулади.

Унинг айтишича, педофилия бу ўта оғир касаллик ва буни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тасдиқлаган. Педофил қилаётган ишини ҳам назорат қилмайди ва катта эҳтимол билан қайта-қайта жиноят содир этаверади.
Депутат Одилжон Тожиев эса жиноятнинг оддий сифати бўлмаслиги, барча жиноят ҳам оғир эканини айтган ва Бекмуродовнинг педофилия касаллик экани ҳақидаги фикрига қисман қўшилишини билдирди.

Шунингдек, у “Юксалиш” раисига "Жинсий зўравонлик қилган шахсга кимёвий кастрация (бичиш) қўлланилиши билан нимага эришилади?", деган савол билан юзланган.

“Менинг назаримда, майда безорилик бу оддий жиноят. Педофилия – бу касаллик туфайли содир этиладиган жиноят. Кимёвий кастрация (бичиш) шахватни сўндириш учун, жисмоний бичиш эса, масалан, рецедивистларнинг хавфини батамом йўқотиш учун қўлланилади. Бу тиббий исботланган”, деб ўз фикрларини тугатган Бобур Бекмуродов.

Депутат ва “Юксалиш” раҳбарининг тортишувига қўшилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Алоқа ва ахборот сиёсати бўлими етакчи маслаҳатчиси Ҳикматилла Убайдуллаев кимёвий кастрация (бичиш) педофилия муаммосига самарали ечим эмаслигини ёзади.

“Кимёвий кастрация (бичиш) – педофилия муаммосига самарали ечим эмас. Ушбу тиббий аралашув руҳий бузилиш муаммосини ҳал қилмайди, балки ҳуқуқбузарнинг жиноят содир этиш имкониятини ҳам истисно қилмайди. Бундан ташқари, бу жиноятларнинг олдини олишни кафолатламайдиган қиммат ва узоқ муддатли чорадир”, деган Ҳикматилла Убайдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 31 январь куни Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида зўравонлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилган эди. Гумонланувчи 29 ёшли эркак бўлиб, у марҳуманинг хонадонида 2022 йилнинг ёз ойларида ёлланма ишчи сифатида таъмирлаш ишларини амалга оширган

“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасидаги муҳим ўзгаришлар ҳақида тайёрланган видеони QALAMPIR.UZ’нинг You Tube саҳифасида томоша қилинг. Мавзуга бефарқ бўлманг!


Мақола муаллифи

Теглар

педофил зўравонлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made