Қонунчилик палатаси “Давлат сири тўғрисида”ги қонунни қабул қилди
Жамият
−
22 Август
2874Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси фавқулодда вазиятлар, жиноятчилик ҳолати, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва бошқа шу каби маълумотлар махфийлаштирилмаслигини назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда 20 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Қонунчилик палатаси 1993 йилда қабул қилинган амалдаги “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонун ўрнига “Давлат сири тўғрисида”ги қонунни қабул қилиб, Сенатга юборган. Ҳужжат давлат сирларини сақлаш соҳасидаги ваколатларни белгилайди, махфийлик даражасини, маълумотларни махфийлаштириш ва давлат сирларидан фойдаланишга рухсат бериш муддатини белгилайди.
“Давлат аҳамиятига молик сирга киритилиши лозим бўлган тўртта тоифадаги маълумотнинг чекланган рўйхати тасдиқланмоқда. Махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати белгиланади. Унга кўра, фавқулодда вазиятлар, жиноятчилик ҳолати, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва бошқа шу каби маълумотлар махфийлаштирилмайди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 1993 йилдаги қонунга кўра, ҳозирда фақат фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган маълумотлар махфийлаштирилмаслиги белгиланган.
Бугунги кунда давлат сирлари давлат, ҳарбий ва хизмат сирларига бўлинади, хусусан:
- Давлат сирлари – ошкор этилиши республика ҳарбий-иқтисодий имкониятларининг сифат ҳолатига салбий таъсир этиши ёки Ўзбекистоннинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар;
- Ҳарбий сирлар – ошкор этилиши Ўзбекистоннинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва Қуролли кучлари учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳарбий хусусиятга эга маълумотлар;
- Хизмат сирлари – ошкор этилиши Ўзбекистон манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасига доир маълумотлар.
LiveБарчаси