2,6 млн фуқаронинг даромади ошди, камбағаллик 4,5 фоизга тушди – Жамшид Қўчқоров

Жамият

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярмида 506 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилди, 2 миллион 616 минг нафар фуқаронинг даромади оширилди. Бу ҳақда Бош вазирнинг ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бугун, 25 августдаги Олий мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишида маълум қилди.

Мажлисда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида 2 756 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилган. “Ижтимоий реестр”га киритилган 227 мингта камбағал оилага даромадини оширишга қаратилган 300 мингта хизмат кўрсатилган.

Кўрилган чоралар натижасида ишсизлик даражаси йил бошидаги 4,8 фоиздан 4,5 фоизга камайган. Камбағаллик даражаси ҳам 4,5 фоизга тушган.

Шунингдек, 546 минг нафар норасмий банд фуқаронинг фаолияти легаллаштирилган. Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш мақсадида 104 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, улар орқали 246 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг реал ўсиш суръати 8,5 фоизни ташкил этган. ЯИМ ҳажми эса 1 072,7 триллион сўмга етган.

Ҳисобот даврида саноатда 8 фоиз, хизматлар соҳасида 9,2 фоиз, қурилишда 13,7 фоиз, қишлоқ хўжалигида эса 4,7 фоиз ўсиш қайд этилган.

Давлат бюджети харажатлари 205,6 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 105,8 триллион сўм ижтимоий соҳаларга йўналтирилган. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга 28,1 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 134 фоизга кўп. Унинг 26 миллиард доллари тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳиссасига тўғри келган. Мамлакат экспорти эса илк бор 15,9 миллиард долларга етган.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш доирасида қарийб 37,8 мингта янги кичик бизнес субъекти ташкил этилган. Савдо-саноат палатасининг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига қарийб 70 мингта бизнес хизмати кўрсатилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг