Қодировани ҳимоя қилаётган адвокат истеъфо берди
Олам
−
07 Октябрь 2019
19836Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида собиқ генерал, “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати Ширин Уналнинг уйида ўз жонига қасд қилган ўзбекистонлик Нодира Қодированинг адвокати ушбу ишни олиб боришдан истеъфо берганини маълум қилди. Бу ҳақда адвокат Мужде Тозбей Эрден Twitter’даги саҳифаси орқали маълум қилди.
“Хабарингиз бор, 23 сентябрь куни депутат Ширин Уналнинг уйида ўз жонига қасд қилгани айтилаётган Нодира Қодирова оиласининг вакиллигини Дастлаб болалар ва аёллар уюшмаси ўз зиммасига олган эди. Нодиранинг оиласи билан 25 сентябрда алоқа ўрната олдик ва шундай буён адвокатлик фаолиятимизни олиб бордик.
Бу вақт ичида биз ҳеч кимга бўйин эйгмай, Нодиранинг шубҳали ўлими билан боғлиқ ҳақиқатлар юзага чиқиши ва адолат қарор топиши учун Нодиранинг дўстлари, ОАВ ходимлари, ҳамкасбларимиз ва кенг жамоатчиликнинг ёрдами билан тергов-суриштирув ишларининг апил-тапил тугатилишига қарши чиқиб, Нодиранинг шубҳали вафоти ҳақида хабар беришга ва бизни эшитишларига ҳаракат қилдик.
Бироқ, Нодиранинг оила аъзолари билан фикрларимиз қарама-қарши келгани учун, биз адвокатлик вазифасидан истеъфо беришга қарор қилдик. Бугундан бошлаб, Нодиранинг эмас, балки Нодира сингари хотин-қизлар учун курашишда давом этамиз”, дейди адвокат.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта адвокат Қодированинг шубҳали ўлими билан боғлиқ асл ҳақиқатларни яшириш, одамлар эътиборини бошқа тарафга қаратиш ва шу орқали ишни ими-жимида ёпиб юбориш учун прокуратура Қодировага фоҳиша деган тамғани қўйишга уринганини айтган эди.
“Нодиранинг фоҳишалик билан шуғулланганми ёки йўқми, буни сўраб, суриштириш тергов жараёнида марҳуманинг номини булғаш учун қилинган ҳаракатдир. Бу тергов йўналишини ўзгартириш ва ўзини оқлаш учун имконият ҳозирлаш демакдир”, деган эди Мужде Тозбей Эрден.
LiveБарчаси