Қодиров имомни айблаган қўмитага: “Яқинда қурилган йўл ўпирилиб турса, ким ҳалоллигини исботлаши керак?”

Жамият 14919
image

Аввалроқ, Автомобиль йўллари қўмитаси “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизийнинг (Раҳматуллоҳ Сайфиддинов) йўллардаги ўпирилишлар ва соҳадаги коррупция ҳақида билдирган фикрлари учун Мусулмонлар идорасига шикоят қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров Қўмита имом устидан шикоят қилганига муносабат билдирди.

“Автомобиль йўллари қўмитаси Мусулмонлар идорасига “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизийдан шикоят қилибди.

Домланинг, агар хизматчида иймон бўлса, эътиқод бўлса ҳалол ишлайди деган сўзлари ёқмаган, буни ҳақорат деб қабул қилишибди”, дейди Қодиров.

У сўзида давом этиб, бундан бир қанча вақт аввал “Миллий тикланиш” ДП фракциясининг ташаббуси билан Қонунчилик палатасида ҳам ушбу қўмитанинг ахбороти эшитилгани ва кескин танқид қилинганини эслатган.

Депутатнинг таъкидлашича, жорий йилда автомобиль йўллари қуриш учун 2,2 триллион сўм маблағ ажратилган. Ўтган йилда бу миқдор 1,51 триллион сўмни ташкил этган.

Ўзбекистон ҳудудида 4 минг километрга яқин халқаро аҳамиятдаги йўллар бор. Ахборотга кўра бу йил:

•    А380 йўлининг 753-765, 806-812 ва 916-964 километрлари;
•    А373 йўлининг 0-15 ва 450-475 километрлари;
•    М39 йўлининг 1315-1330 километрлари;
•    А378 йўлининг 0-2,4 километрлари таъмирланган. 

“Усулни қаранг... Бардавом ва битмас-туганмасликнинг формуласи.

Бу усулда Ўзбекистондаги халқаро йўллар 2 минг йилдан кейин ҳам талаб даражасига чиқмайди. Чунки, таъмирлаб бўлган қисмингизни тугатишингиз билан ўтган йили таъмирлашни тугатган қисмингиз яна таъмирталаб бўлиб қолаверади. Бюджет эса меҳрибон соғин сигирдек, сўрасак бераверади”, дейди Алишер Қодиров.

Маълум бўлишича, қўмита ҳисоботи эшитувчида “Миллий тикланиш” ДП депутатларидан бири қўмита раисига очиқчасига соҳа коррупцияга ботиб кетганлигини айтганида, қўмита раиси жаҳл билан исботлаб беришни талаб қилган.

“Агар яқинда қурилган йўл, бир йилга бормасдан тўлқинланиб, ўпирилиб турса, ким аслида ўзини ҳалоллигини исботлаши керак?

100 йил кафолатли сифат билан қурадиган йўлсозлар иймонли, эътиқодли, энг камида ширкатини шаъни учун масъулиятли йўлсозлардир. 

Иймон, эътиқод, ҳалолликни ўргатиш, маъруза қилиш, унга чақириш вазифаси бўлган имомни айблаш эмас, бориб дуо олиш керак! Автомашинасининг ғилдираги чуқурга тушган ҳар бир ватандош йўлсозларни баддуо қилаяпти. Аслида баддуо қилмасдан ҳуқуқимизни талаб қилиш, масъулиятсиз қурилиш оқибатида етказилган зарарларни қоплатишга ўрганишимиз зарур. Бу нафақат йўл, барча соҳаларга тегишли масала.

Ҳалоллик бўлмаган жойда сифатли йўл ҳам, сифатли таълим ҳам, пировардида ривожланиш ҳам бўлмайди”, дейди депутат Алишер Қодиров.

Маълумот учун, Қўмита имом Саййид Раҳматуллоҳ Термизий устидан Мусулмонлар идорасига шикоят қилиши ортидан, идора Тошкент шаҳар вакиллигига ҳолат бўйича ўрганиш ўтказиб, бу бўйича мурожаатчи ташкилот ва Мусулмонлар идорасига расмий жавоб беришни топширган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 665
Рейтинг: 3
t
×