Автомобиль йўллари қўмитаси ходимларини танқид қилган имом устидан шикоят қилди
Жамият
−
05 Июнь 2021
11217Ижтимоий тармоқларда имом Саййид Раҳматуллоҳ Термизийнинг йўл қурилиши соҳасидаги коррупция ҳақида айтган танқиди фойдаланувчилар томонидан ижобий қарши олинди. Бироқ йўлсозлик соҳасининг “боши”да турганлар бу танқид учун раддия олиш ҳаракатига тушди.
Аввало, Юнусобод туманидаги “Мирза Юсуф” (Бодомзор) жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий (Раҳматуллоҳ Сайфиддинов) йўллар борасида нима деганига тўхталсак. У сўнгги вақтларда катта автомобиль йўллари ўпирилиб, кўчиб кетаётганига тўхталиб, соҳа масъуллари ўз вазифасини бажараётганда коррупцияга берилмаса, шундай бўлмаслигини таъкидлаган.
“Каттасидан тортиб оддий ишчисигача “Аллоҳ мени кўриб турибди”, деб йўл қурса нима бўлади, биродарлар? Йўллар ёмғир ёққач чўкиб кетмайди, янги йўл қурилгач йил бўйи ремонт бўлиб ётмайди.
Агар Аллоҳ кўриб турибди деса, ўғирлик бўлмайди. 1 км йўл қураман деб, 10 та участка битмайди. Бир қурилган йўл йиллаб саломат туради. Нима бу ахир, қандай шармандалик? Янги йўл тушади-ю, фақат уни ўраб, ремонт қилиб ётади: буёғини энди ремонт қилса, буёғи чўкиб кетаверади.
Ҳаммаси – ана шу эътиқоднинг йўқлиги сабаб. Аллоҳ таоло кўриб турибди, деган нарса йўқ. Фақат ўғирлик, порахўрлик ва коррупция бўлгани учун. Эътиқоди бор одам кўприк қурса, кўприги қулаб тушмайди, биродарлар. Эътиқоди бор одам уй қурса, уйига одам кўчиб кирмасдан ремонт талаб бўлиб қолмайди, биродарлар!”, деган имом хатиб.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси имомнинг айтганиларидан норози бўлиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мурожаат қилган.
Қўмита йўл қурилишига ажратиладиган маблағлар талон-торож қилиниши ҳақида гапирган Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ўз маърузасига раддия беришини сўраган.
Қўмитанинг сўрови Мусулмонлар идораси томонидан мазмунан кўриб чиқиш учун идоранинг Тошкент шаҳар вакиллигига юборилган. Вакилликка сўровни кўриб чиқиш учун жорий йилнинг 31 майигача муҳлат берилган. Аммо идоранинг Тошкент шаҳар вакллиги ҳолат юзасидан қандай чора кўргани бўйича ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.
LiveБарчаси