Қизим сенга гапираман, келиним сен эшит. Алиев Путин ва Раисийга қарши гапирди

Олам

image

Ўтган ҳафта Озарбайжон Арманистонга қарши “Қасос” операциясини бошланидан кейин Арманистон Бош вазири Никол Пашинян дарров Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Шунингдек, шу ҳафта Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан Қорабоғдаги вазият ҳақида гаплашди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга кўра, на кимнингдир баёноти, на бировнинг нутқи, на телефон қўнғироғи Бакуни танлаган йўлидан қайтара олади. Бу ҳақда Президент кеча, 12 август куни Озарбайжон телевидениесига берган интервьюсида гапирган.

Унинг қайд этишича, Арманистон Қорабоғ ерлари Озарбайжон назоратига ўтгани ва тарихий адолат тикланганини тан олиши керак, унинг бундан бошқа чораси йўқ. 

“Аслини олганда, Арманистоннинг келажакда бу вазият, янги воқелик билан ярашиши муқаррар, чунки унинг бошқа йўли йўқ. “Қасос” операцияси Арманистонга яна бир бор кўрсатдики, бизни ҳеч ким ва ҳеч нарса тўхтата олмайди – на кимнингдир баёноти, на бировнинг нутқи, на телефон қўнғироғи. Ҳеч ким ва ҳеч нарса. Озарбайжон халқи буни яхши билади. Иккинчи Қорабоғ уруши буни кўрсатди. Ишончим комилки, буни бошқа томон ҳам билади. Фақат баъзида бу ҳақда унутади. Шунинг учун бундай фожиали воқеалар содир бўлади”, дейди Илҳом Алиев. 

Алиев Озарбайжон иккинчи Қорабоғ урушида ғалаба қилганини яна бир бор эслатиб, шундай дейди:

“Биз урушда ғалаба қозондик. Биз ҳудудий яхлитлигимизни тикладик. Нега бизнинг болаларимиз урушдан кейин ўлишлари керак? Нега арманлар уларни ўлдиришлари керак? Биз бунга рухсат бера олмаймиз. Яна бир бор айтмоқчиманки, агар шундай провокация такрорланса, жавоби янада қаттиқроқ бўлади, бундан баттар пушаймон бўлади, раҳм-шафқатни янада баланд овозда сўрайди. Лекин яна бир бор айтаманки, биз янги уруш бошламоқчи эмасмиз. Етар! Биз хоҳлаган нарсага эришдик. Биз арман қуролли тузилмаларининг Қорабоғдан бир марта ва бутунлай чиқиб кетишини истаймиз. Бу Арманистоннинг 2020 йил 10 ноябрда имзолаган таслим бўлиш тўғрисидаги актида мустаҳкамланган мажбурияти, биз бунга эришамиз ва эришяпмиз”, дейди Президент

Унинг қайд этишича, куни кеча Озарбайжон томонидан амалга оширилган “Қасос” операцияси натижасида Арманистон юзлаб аскарларини Қорабоғдан олиб чиқишига тўғри келган. Алиев бунга тўхталаркан, сўзини афсус билан бошлади.  

“Мен "афсуски" дейман, чунки ишни бу даражага олиб келиш шарт эмас эди. Шунчаки, Арманистон бизнинг огоҳлантиришларимизни тўғри таҳлил қилиб, тўғри хулоса чиқарса, унда бунга эҳтиёж қолмас эди. Ҳар ҳолда, биз биринчи бўлиб бошламадик. Биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришдик, ўз заминимизда ўзимизни мустаҳкамладик ва бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб борамиз”, дейди Озарбайжон раҳбари. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 август куни расмий Баку Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги ноқонуний арман қуролли тузилмалари аъзолари Озарбайжон армиясининг Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига кучли ўт очгани, оқибатда қурбон берилгани, 14 киши жароҳатлангани ҳақида маълумот берган эди. 

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилганини маълум қилди. Амалиёт бошланишига Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлган.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Қорабоғ

Баҳолаганлар

190

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг