Мирзиёев ва Алиев Хонкендидаги қўшма фабрикани ишга туширди
Жамият
−
13 Ноябрь
3569Баку шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 13 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Мирзиёев Озарбайжон етакчисини БМТнинг Иқлим бўйича саммити (COP29) муваффақиятли ташкил этилгани билан самимий муборакбод этди.
Шунингдек, жорий йил август ойида олий даражада эришилган келишувлар доирасида Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни жадал ривожлантириш йилида ҳамкорлик юксак даражага етгани қайд этилди.
"Товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, автомобилсозлик, тўқимачилик, электротехника, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва шаҳарсозлик ҳамда бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда", дейилади хабарда.
Лойиҳалар портфелини, шу жумладан Қўшма инвестиция компанияси маблағларини жалб этган ҳолда янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишга қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Фаол маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алмашинувни давом эттириш, шунингдек, 2025 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида кенг қамровли тадбирлар дастурини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув доирасида Хонкенди шаҳрида қўшма тикувчилик фабрикасини ишга тушириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 ноябрь куни Бакуда COP29 саммити доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида "яшил" энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси