Эрон Қорабоғ можаросида нега Арманистон тарафини тутяпти? Раисий чегаралар ўзгариши бўйича қаршилик билдирди
Таҳлил
−
11 Август 2022
10146Эрон минтақадаги географик чегараларни ўзгартиришга қатъиян рози бўлмайди. Бу ҳақда Эрон Президенти Иброҳим Раисий Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон суҳбатида маълум қилди, деб хабар бермоқда Эрон давлат раҳбари маъмурияти.
Раисий икки давлат тарихий ва чуқур муносабатларга эга эканлигини таъкидлаб, Теҳрон ва Ереван ўртасида доимий иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлаган.
Сўнгра Ислом Республикаси Президенти сўнгги кунларда Кавказ минтақасида кузатилган кескинликка тўхталиб ўтган.
“Кавказ минтақасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг энг яхши йўли – бу уч томонлама ўт очишни тўхтатиш декларациясини имзолаган давлатлар келишув қоидаларини ҳурмат қилишлари ва қолган муаммоларни мулоқот ва дипломатик йўллар билан ҳал қилишларидир. Эрон минтақадаги географик чегараларнинг ўзгаришини ҳеч қандай тарзда қабул қилмайди”, дейди Иброҳим Раисий.
Учрашувда Арманистон Бош вазири Пашинян Озарбайжон билан сўнгги пайтларда юзага келган кескинлашув ҳақида батафсил маълумот берган.
Пашинян, шунингдек, Теҳрон-Ереван муносабатларининг ривожланишидан мамнунлигини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, Ереван икки давлат ўртасида юк транзитини осонлаштиришга ва инфратузилма, жумладан, йўллар ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр.
Эронда арманлар ҳам, озарлар ҳам яшайди ва агар арман диаспораси 100 мингга яқин кишини ташкил этса, мамлакатда 15 миллионга яқин озар миллатига мансуб Эрон фуқаролари бор. Эроннинг умумий аҳолиси 82 миллион киши. Шундай қилиб, Эронда озар миллатига мансуб одамлар жами 10,3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Озарбайжоннинг ўзидан ҳам кўп.
Иккинчи Қорабоғ уруши натижасида Жанубий Кавказда иккита муҳим чегара ҳодисаси юз берди. Биринчиси, Эрон ва Озарбайжон ўртасидаги умумий чегарага тегишли. Тоғли Қорабоғ жанубидаги Жаброил, Физули ва Зангелон шаҳарларининг қайтарилиши билан Эрон ва Озарбайжон ўртасидаги Аракс дарёси бўйлаб 132 километрлик чегара чизиғи Озарбайжон назорати остида шаклланди. Шундай қилиб, Совет Иттифоқи парчаланганидан ўттиз йил ўтгач, Эроннинг Озарбайжон Республикаси ва Нахичеван Мухтор Республикаси билан 750 километрлик чегарасини шакллантириш тугалланди.
Шу билан бирга, Тоғли Қорабоғнинг ғарби ва жануби-ғарбидаги Зангелон, Губадли, Лочин ва Калбажарнинг қайтарилиши билан Озарбайжон Республикаси ҳукмронлиги остида, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги чегаранинг бир қисмини шакллантириш тугалланди.
Қайд этиш жоизки, иккинчи Қорабоғ урушидан кейин Эрон ва Озарбайжон ўртасидаги 132 километрлик чегарани белгилашда алоҳида муаммолар бўлмаган.
Эрон ва Озарбайжон шу ерда жойлашган Худаферин ГЭСи қурилишининг якуний босқичини бошлаб юборган. Аммо Арманистон ва Озарбайжон Республикасининг янги чегараларини белгилаш икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик таранглик ва Тоғли Қорабоғ бўйича келишувда, хусусан, Озарбайжоннинг Нахичеванга киришига оид 9-моддадаги ноаниқлик туфайли Баку ва Ереван ўртасида зиддиятларни келтириб чиқармоқда.
Турли сабабларга кўра Озарбайжон Республикаси ва Арманистон ўртасидаги келишмовчиликлар ва чегарадаги таранглик фақат икки давлат билан чегараланиб қолмай, Эронга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Озарбайжон Республикаси ва Арманистон ўртасидаги чегарадаги кескинликни Эрон қандай қабул қилади? У нима бўлаётганини қандай баҳолайди? Унинг ташвишига нима сабаб бўлмоқда?
Эронни ташвишга соладиган биринчи нарса Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги кескинлик ва чегара низоларининг Эроннинг Арманистон орқали ўтадиган транзит йўлига салбий таъсири. Горис-Капан йўлида Эрон юк машиналари билан боғлиқ муаммолар ёрқин мисолдир.
Иккинчи Қорабоғ урушигача Эрон транзитида бундай муаммолар бўлмаган. Дарҳақиқат, Эрон билан чегарадош Нордуздан Арманистон пойтахти Еревангача бўлган 400 километрлик йўлнинг 21 километри ҳозир Озарбайжон орқали ўтади. Ўтган йилги урушгача, маршрутнинг ушбу қисми Тоғли Қорабоғ республикаси назоратида бўлганида, эронлик ҳайдовчилар Арманистон ва Грузияга боришда муаммога дуч келмасдилар. Бироқ, иккинчи Қорабоғ урушидан кейин вазият ўзгарди ва Озарбайжон ҳукумати Горис-Капан автомобиль йўлининг бир қисми мамлакат ҳудудида эканлигини иддао қилиб, Эроннинг ҳар бир транзит юк машинаси учун 130 доллардан тўлов талаб қилди. Бунга жавобан Эрон ҳукумати Эрон транзити ва Арманистон, Грузия, Россия ҳамда Москва бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан савдо-сотиқ узилишининг олдини олиш учун муқобил йўналишларни ишлаб чиқишга қарор қилди.
Биринчи муқобил қуруқлик йўлаги Озарбайжон ҳудудини бутунлай четлаб ўтувчи Татев-Агвани йўналишидир. Эрон ушбу йўлнинг Арманистон ичидаги қуриб битказилмаган қисмини якунлашини маълум қилди. Озарбайжон томонидан Горис-Капан автомагистралида жорий этилган чекловларга Эроннинг иккинчи муносабати Озарбайжон орқали Россияга олиб борадиган қуруқлик йўлига муқобил сифатида Каспий денгизидан фаолроқ фойдаланиш бўлди.
Биринчи босқичда 23 октябрдан бошлаб Эроннинг шимолий портларидан Россиянинг Астрахан ва Махачқалъа шаҳрига, шунингдек, Қозоғистоннинг Ақтау портига олтита юк ташиш линияси ишга туширилди. Иккинчи босқичда жорий Эрон календар йилининг охирига (2022 йил март ойи охири) бу қаторлар сони саккизтага этиши белгиланди. Горис-Капан автомобиль йўлидаги вазият Озарбайжон Республикаси ва Арманистон ўртасидаги келишмовчиликлар ва чегарадаги таранглик нафақат бу икки давлатга, балки Эронга ҳам таъсир қилишини яққол кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 август куни расмий Баку Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги ноқонуний арман қуролли тузилмалари аъзолари Озарбайжон армиясининг Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига кучли ўт очгани, оқибатда 2 аскар қурбон бўлгани, 14 киши жароҳатлангани ҳақида маълумот берган эди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилганини маълум қилди. Амалиёт бошланишига кеча Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси