“Қизил жар”нинг “қора осмони” (фотогалерея)
Олам
−
22 Февраль 2020
7824Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Россиянинг Красноярск шаҳридан олинган кўплаб фотосурат ва видеолар пайдо бўлди, уларда бутун шаҳар смог билан қопланганини кўриш мумкин. 14 февраль куни шаҳарда уч кун давомида “Ноқулай об-ҳаво шароити режими” ёки маҳаллий аҳоли тили билан айтадиган бўлса "қора осмон" режими жорий қилинди.
Бундай муаммо узоқ вақтдан бери Красноярскда мавжуд. Бу ҳолат шаҳарнинг жуғрофий жойлашуви, ҳудуди ва шаҳарда саноат корхоналарининг кўплиги билан изоҳланади. Шаҳарда “Ноқулай об-ҳаво шароити режими” кўпинча қишда жорий этилади. Фақат бу йилги қишда "қора осмон" режими олти марта жорий этилди ва баъзан икки ёки уч кун давом этди.
Шаҳар расмийлари бунга қарши турли чоралар кўрмоқда. Масалан, "қора осмон" режими вақтида корхоналардан камроқ чиқинди чиқариш талаб қилинди. Aммо ҳамма ҳам бу талабни бажармади. 17 февралда вилоят табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги 67 та корхона жавобгарликка тортилганини маълум қилди.
Мана шу ҳафта Красноярск, Москва ва Россиянинг бошқа бир қатор шаҳарларида "қора осмон" га қарши ягона пикетлар бўлиб ўтди. Март ойида Красноярск аҳолиси шаҳар марказида митинг ўтказмоқчи. Намойишчиларни швециялик экофаол Грета Тюнберг қўллаб-қувватлади.
22 февраль куни Красноярск мэрининг матбуот хизмати расмийларнинг экологик вазиятни яхшилаш режаси борлигини айтди. Унга кўра, кам самара берадиган қозонхоналар алмаштирилади: уларнинг 75 таси аллақачон ёпиб қўйилган. Жамоат транспорти ҳам аста-секин янгиланмоқда ва ободонлаштиришга янгича ёндашувлар қўлланилмоқда.
Смог муаммосига нафақат Красноярск, балки Сибирнинг бошқа йирик шаҳарлари ҳам дуч келмоқда.
Маълумот ўрнида, Красноярск - Красноярск ўлкасининг марказий шаҳри. 1628 йилда Красноярск қўрғони сифатида қўлланила бошланган. Маъноси туркча - “Қизил жар” сўзидан олинган. Сабаби Енисейга қараб оқувчи Качи дарёсининг қирғоқлари қизил тошларга мўллиги билан изоҳланади. Тарихий маълумотларга кўра, унинг номини русчага таржима қилишган ва шундай атай бошлашган. 1822 йилда Красноярскка шаҳар мақоми берилган.