Қишнинг ғамини ёзда е. АҚШ Тайванда вазият оғирлашишига тайёрлана бошлади

Олам

image

Қўшма Штатлар маҳаллий саноатнинг муҳим тармоқларини, жумладан, мамлакатда ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ўнлаб миллиард доллар сармоя киритмоқчи. АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 9 август куни яримўтказгич ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонунни имзолаб, унинг ёрдами билан Қўшма Штатлар “ХХИ асрнинг иқтисодий рақобатида ғалаба қозона олишини” таъкидлаган.

Конгресс ушбу ҳужжатни июль ойи охирида тасдиқлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай қонуннинг қабул қилиниши, айниқса, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар нуқтаи назаридан Байден учун муҳим аҳамиятга эга.

Ҳужжатга кўра, АҚШда яримўтказгичлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун 52,7 миллиард доллар йўналтирилиши керак. Қонун лойиҳасида АҚШнинг ташқи таъминотга қарамлигини камайтириш ва Хитой билан рақобатда мамлакат мавқеини мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Мамлакат Президенти томонидан қонун имзоланишидан бироз аввал америкалик компьютер техникаси ишлаб чиқарувчи Micron компанияси АҚШда яримўтказгичлар ишлаб чиқаришга 40 миллиард доллар сармоя киритиш ниятида эканлигини маълум қилди. Компания “жорий ўн йилликнинг иккинчи ярмида” ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи эканини таъкидлади, аммо заводларни айнан қаерда қурмоқчи эканига ойдинлик киритмади.

Ўз навбатида, Байден яна иккита Америка корхонаси – GlobalFoundries ва Qualcomm биргаликда яримўтказгичлар ишлаб чиқаришга хорижда эмас, балки АҚШда 4 миллиард доллар сармоя киритмоқчи эканлигини айтди.

“Reuters” ва “Ipsos” институти томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, жорий ҳафтада Қўшма Штатларда Байденни жамоатчилик қўллаб-қувватлаши 40 фоизгача кўтарилиб, июнь ойи бошидан бери энг юқори даражага етди. Май ойида Жо Байденнинг АҚШ Президенти сифатидаги фаолиятини мамлакат аҳолиси орасида маъқуллаш энг паст даражага тушиб кетганди – 36 фоиз.

АҚШнинг яримўтказгичлар ишлаб чиқаришга сармоя киритишга уриниши Хитойнинг Тайвань атрофида ҳарбий ҳаракатлари кучайтиргани ва умуман минтақада вазият кескинлашгани сабаб бўлиши мумкин. Негаки Тайвань дунёнинг энг йирик яримўтказгич ишлаб чиқариш хаби ҳисобланади. Оролда вазият ёмонлашса, бу бутун дунёда яримўтказгичлар тақчиллигини келтириб чиқаради.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ

Баҳолаганлар

193

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг