Қирғизистоннинг яна бир собиқ Президенти “Қумтор” бўйича сўроқ қилиниши мумкин
Олам
−
20 Август 2021
7590Қирғизистон Бош вазири аппарати собиқ раҳбари ҳамда Асқар Акаевнинг собиқ сафдоши Бекболот Талгарбеков агар бирор нарса юз берса, қочқиндаги собиқ Президент Қурманбек Бакиевни Қирғизистонга олиб келишга тайёр. Бу ҳақда “АКИpress” хабар бермоқда.
“Бу менинг шахсий фикрим. Мен оммавий ахборот воситалари орқали Президент Садир Жапаровга таклиф қиляпман. Умид қиламанки, у буни ўқийди ва муносабат билдиради. Мен у билан бу ҳақда гаплашмадим. Шундай экан, кутамиз”, деган у.
Талгарбеков Бакиев ҳам, Акаев сингари сўроқ қилиниши кераклигини таъкидлаган.
“Аввалроқ, Асқар Акаев билан қирғиз халқини бирлаштириш, тинчлик ва тотувликка чақириш мақсадида музокаралар олиб борилди. Агар мамлакат раҳбарияти бирлашмоқчи бўлса, Бакиевни ҳам олиб келиш керак. Уни “Қумтор” бўйича сўроқ қилиш керак, деб ҳисоблайман. У худди Акаев сингари “Қумтор”га алоқадор. Улар шартнома тузишмаган, лекин уларнинг келишувлари бизнинг мамлакат учун фойдасиз бўлган. Шунинг учун улар сиёсий жавобгар. Акаев бунинг учун узр сўради”, деган Талгарбеков.
Талгарбековга кўра, Бакиев келиб, бу келишувларни ким тузганини айтиши керак.
“Ижтимоий тармоқларда лойиҳанинг асосий муаллифи Акилбек Жапаров бўлганини ёзишади. Бакиев буни тасдиқласа, яхши бўларди. Шунда жиноий жавобгарлик Акилбек Жапаровга, сиёсий жавобгарлик эса Бакиевга юкланади”, деган у.
Маълумот ўрнида, Қурманбек Бакиев 2005-2010 йилларда Қирғизистон Президенти бўлган. У 2010 йил 7 апрелда мамлакатни тарк этган.
Мамлакат ҳарбий суди 2014 йил июль ойида собиқ Президент Қурманбек Бакиев, унинг укаси Жаниш Бакиев ва собиқ Бош вазир Дониёр Усеновни 2010 йил 7 апрель воқеалари иши бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Суд уч айбланувчини Оқ уй яқинидаги майдонда намойишчиларни оммавий ўққа тутишда айбдор деб топган. Уларнинг учаласи ҳам Қирғизистондан ташқарида бўлгани учун сиртдан судланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 август куни 16 йил мобайнида Россияда яшаб келган Акаев ватани Қирғизистонга қайтарилди. Дастлаб, собиқ Президент “Қумтор” олтин кони бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан сўроқ қилинди. Сўнгра, у давлат раҳбари Садир Жапаров билан учрашди. Учрашувдан сўнг, Асқар Акаев матбуот анжуманида Қирғизистон Президентига “ҳамма нарсани айтиб бериш” имконияти учун миннатдорлик билдирган. 8 август куни эса Акаев мамлакатни тарк этган.
LiveБарчаси