Қирғизистонликлар қочоқ президент Бакиевнинг қайтишига қарши чиқмоқда

Олам

image

Қирғизистон пойтахти Бишкекда 2010 йил апрель инқилобида ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қариндошлари Президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, апрель воқеалари фонида мамлакатдан қочиб кетган собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг мамлакатга қайтишига қарши чиқди. 

Йиғилганлар ўз мурожаатида “Айкол таза коом” нодавлат ташкилоти раиси Усунбий Шерипбоевнинг Қурманбек Бакиевни қайтариш ва ундан 2010 йил апрелида ҳалок бўлганлар ва ярадорлар учун товон сўраш талабини танқид қилган. 

“Ушбу ҳаракат апрель воқеалари жабрдийдаларининг барчасини лол қолдирди, ғазабини қўзғатди. 2016 йилда Бакиев уч инстанция судлари томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 97, 104, 183-моддалари бўйича ўта оғир жиноят содир этганликда айбдор деб топилиб (жараён 6 йил давом этган), 24 йилга махсус режимли колонияда ўташ шарти билан озодликдан маҳрум этилган. Бакиев ўшандан бери қочиб юрибди. У фамилиясини ўзгартириб, Европад бизнес ташкил қилиб, бугун Қирғизистонга ҳар қандай йўл билан кириб боришга ҳаракат қилмоқда. Орадан 13 йил ўтди, аммо яраларимиз битгани йўқ”, дейилади 2010 йиль апрель ойида ҳалок бўлганларнинг яқинлари мурожаатида. 

Мурожаат иштирокчилари Қирғизистонда Бакиевга ўрин йўқлигини айтмоқда. 

“Садир Нургужоевич, 17 июль куни биз билан учрашганингизда, Бакиевнинг мамлакатга кела олмаслигини, ўта оғир жиноят содир этгани учун судланганини айтдингиз. Шу муносабат билан биз, қалбимизда яраси бор инсонларга тинчлик ва хавфсизлик таъминланишини талаб қиламиз. Бизга ундан ҳеч нарса керак эмас”, дейилган мурожаатда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 февраль куни БААда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бошчилигида мамлакатнинг собиқ раҳбарлари – Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбоев ва Сооронбай Жээнбеков ўртасида учрашув ўтказилган. Аммо у ерда қамоқдан чиққан Атамбоев Бакиевни кўргач, ушбу учрашувни тарк этган. У бу ҳақда гапираркан, уни собиқ президентлар билан эмас, балки амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев билан учрашувга таклиф қилишганини, учрашувда Бакиевни кўргач, уни тарк этганини айтган

“Мамлакатимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг ўрнатилиши ва Бакиевларнинг Қирғизистонга қайтиши орасида икки катта фарқ бор. Бирлаштириш бутунлай бошқача натижа беради. Жуда кўп қон тўкилган, жуда кўп нарсани унутмаслик керак ва унутиб бўлмайди. Жиноятчилар албатта жавоб бериши керак. Энг аввало уларни қурбонларнинг яқинлари кечириши керак. Ва умид қиламанки, Президент Садир Жапаров мени эшитиб, тўғри қарор қабул қилади”, деб фикр билдирган Алмазбек Атамбоев. 

Бакиев нега қочган?

Қирғизистонда бошқарув Отунбоева ўтишидан аввал давлатни Қурманбек Бакиев бошқарган. Бош вазир Қурманбек Бакиев муддатидан олдин ўтказилган Президентлик сайловларига қадар давлат раҳбари сифатида ишлади. Президентликка асосий номзодлар Бакиевнинг ўзи ва мухолифат лидери Феликс Қулов ҳисобланар эди. Aммо Қулов ғалаба қозонган тақдирда ҳам ўзини Бош вазир этиб тайинланиши ваъдаси эвазига Бакиев фойдасига номзодини рад этди. Сайловда Бакиев ғалаба қозонди.

2009 йил 23 июлда Қирғизистонда навбатдаги Президент сайловлари бўлиб ўтди. Aмалдаги президент Қурманбек Бакиев 90 фоизга яқин овоз олди. Бироқ кузатувчилар ушбу сайловларнинг адолатлилигини шубҳа остига олди. Ўша йилнинг 2 августида қайта сайланган Бакиевнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Қурманбек Бакиев ўз президентлиги даврида кўп векторли сиёсат юргизишга ҳаракат қилди. Аммо, мамлакат иқтисодиёти барқарорлашуви ўрнига орқага қараб кетишда давом этди. Бакиев бошқарувидаги энг катта хатолардан бири эса унинг мамлакатда бир-бирига қарши бўлган АҚШ ва Россия ҳарбий базаларининг фаолият юритишини таъминлаши бўлди. 

Оқибатда сўнгги 5 йилликда қўзғалмаган халқ “учинчи” томон ёрдамида ғалаён кўтарди. 2010 йилнинг баҳорида Қурманбек Бакиевнинг истеъфосини талаб қилиб, мухолифат намойишлари бўлиб ўтди. Ўша йилнинг 7 апрелида мухолифат билан Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги тўқнашувлар қуролли инқилобга айланди, мухолифат тарафдорлари пойтахт Бишкек ва асосий маъмурий биноларни эгаллаб олди. Бакиев пойтахтдан Жалолобод вилоятига қочиб кетди. 8 апрель куни Бакиев қирғиз халқига мурожаат қилди. У мамлакатдаги вазиятни назорат қилмаслигини тан олганига қарамай, истеъфога чиқишни рад этди. Қурманбек Бакиев ташқи кучларнинг Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдорлигини эълон қилди, лекин у қайси мамлакатни назарда тутганини аниқ кўрсатмади. БМТни Қирғизистонга тинчликпарвар кучларни киритишга чақирди. 

2010 йилнинг 15 апрель куни Жалолободда мухолифат етакчилари ва Бакиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Мухолифат босими остида Қурманбек Бакиев хавфсизлик кафолати эвазига истеъфога чиқиш тўғрисидаги хатни имзолашга рози бўлди. Ўша куни у Қирғизистонни тарк этиб, Қозоғистоннинг Тараз шаҳрига учиб кетди ва 16 апрель куни Қозоғистонда Қирғизистон президентлигидан истеъфога чиқиш хатини имзолаши билан Муваққат Ҳукумат тўқнашув тугаганини эълон қилди.

Уч кун ўтиб. Қурманбек Бакиев Беларусга учди. Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Бакиев ва унинг оиласига сиёсий бошпана берди.

Таъкидлаш жоизки, Қирғизистоннинг ён қўшниси Ўзбекистон Биринчи Президенти, марҳум Ислом Каримов ушбу мамлакатдаги раҳбарият ўзгаришига олиб келган воқеаларга “Қирғизистоннинг ички иши”, деб муносабат билдирган ва қарама-қаршиликни тинч йўл билан ечишга чақирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қурманбек Бакиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг