“Бакиев тўкилган қонлар хунини тўлаши керак” – Атамбоев Жапаров ўтказган йиғилишни тарк этди
Олам
−
20 Февраль 2023
21425Қирғизистоннинг куни кеча қамоқдан озод этилган собиқ президенти Алмазбек Атамбоев Садир Жапаров томонидан Дубайда ташкиллаштирилган собиқ президентлар учрашувида қатнашишдан бош тортиб, уни тарк этган. Бу ҳақда Атамбоевнинг ўзи Facebook’даги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Унга кўра, мамлакатда тинчлик ва бирдамликнинг ўрнатилиши ва Бакиевларнинг Қирғизистонга қайтиши ўртасида икки катта фарқ.
“Ҳа, собиқларнинг учрашуви бўлди. Ҳа, мен уни рад этдим. Бу йиғилишда собиқ президентлардан бирортаси бўлиши ҳақида менга хабар берилмагани учун шундай бўлди. Мени тенг ҳуқуқли мулоқот, эркин одамлардек гаплашиш ва эски норозиликларни унутиш учун Президент Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев (Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси) билан учрашувга чақиришди. Мен яхшиликни унутмайман ва шунинг учун рад эта олмадим”, дейди Атамбоев.
У аслида шу куни Испания элчиси билан визалар бўйича олдиндан режалаштирилган учрашуви бўлсада, уни Президент Жапаровнинг таклифига биноан бекор қилган.
Собиқ давлат раҳбари амалдаги Президент Садир Жапаровнинг эзгу ниятларини қадрлашини айтди.
“Аммо учрашув якунида шундай вазият юзага келдики, мен ҳеч ким билан хайрлашмай, қочиб қолишга мажбур бўлдим. Келажакда зарурат туғилса, албатта, батафсил айтиб бераман”, дейди Атамбоев.
У, шунингдек, Қирғизистоннинг 2010 йилда қочиб кетган президенти Қурманбек Бакиевнинг мамлакатга қайтишига қарши эканини айтди.
“Мамлакатимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг ўрнатилиши ва Бакиевларнинг Қирғизистонга қайтиши орасида икки катта фарқ бор. Бирлаштириш бутунлай бошқача натижа беради. Жуда кўп қон тўкилган, жуда кўп нарсани унутмаслик керак ва унутиб бўлмайди. Жиноятчилар албатта жавоб бериши керак. Энг аввало уларни қурбонларнинг яқинлари кечириши керак. Ва умид қиламанки, Президент Садир Жапаров мени эшитиб, тўғри қарор қабул қилади”, дея хулоса қилди Алмазбек Атамбоев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 февраль куни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида амалдаги Президент Садир Жапаров ташаббуси билан Қирғизистоннинг барча собиқ президентлари – Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбоев, Сооронбай Жээнбеков учрашуви ўтказилди.
LiveБарчаси