Қирғизистонда Янги йил арчасини портлатмоқчи бўлганлар ушланди

Олам

image

Қирғизистонда ИШИД террорчилик гуруҳи аъзолари томонидан Янги йил арчаси олдида уюштирилиши режалаштирган терактнинг олди олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди.

“Жалолобод шаҳрида давом этаётган аксилтеррор тадбирлари давомида ИШИД халқаро террорчилик ташкилоти Хуросон бўлимининг вояга этмаган аъзолари қўлга олинди. Бу шахслар интернет орқали масофадан туриб террорчилик ташкилоти сафига жалб қилинган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ўсмирлар чет элдаги террористик ташкилот эмиссарларининг кўрсатмаси билан Жалолобод шаҳрининг марказий майдонидаги бош арча ёнига қўлбола портловчи мослама ўрнатишни режалаштирган. Шунингдек, Жалолобод шаҳридаги Биби Марям черковига теракт ва қуролли ҳужум уюштиришни ҳам мақсад қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2007 йилда туғилган икки нафар республика фуқароси қўлга олинган, уларнинг исм-шарифлари ошкор қилинмаяпти. Қўмитанинг маълум қилишича, улардан олинган мобил қурилмаларни кўздан кечириш чоғида “террорчилик хуружига тайёргарлик кўришнинг рад этиб бўлмайдиган далиллари”, хусусан, халқаро террористик ташкилот эмиссарлари билан ёзишмалар, қўлбола портловчи қурилмаларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ва йўриқномаси, шунингдек, террорчи гуруҳ раҳбарига содиқлик қасамёди акс этган видеоёзувлар топилган. Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

“Қўлга олинганлар Вояга етмаганлар ишлари бўйича давлат хизматининг 53-сонли тергов изоляторига жойлаштирилиб, уларнинг Қирғизистон Республикаси ҳудудида жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича бир қатор тезкор-тергов тадбирлари ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида Қозоғистон жанубидаги Туркистон шаҳрида жойлашган Аҳмад Яссавий мақбарасини портлатишга уриниш мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан тўхтатиб қолинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ИШИД теракт Қирғизистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made