Қирғизистонда суд жараёнлари мажбурий равишда аудио ва видеога ёзиб олинади
Олам
−
20 Май
2592Эндиликда Қирғизистондаги барча суд мажлислари мажбурий равишда аудио ва видео форматда ёзиб олинади. Бу ҳақдаги қонунга мамлакат Президенти Садир Жапаров имзо чекди.
Маълум қилинишича, мазкур қонун Жогорку Кенеш томонидан 2024 йилнинг 3 апрелида қабул қилинган.
Қонуннинг асосий мақсади – процессуал тўсиқ чоралари тизимида гаров институтини кучайтириш, уни самаралироқ қўллаш механизмларини яратиш ва жиноят ишлари бўйича суд ишларини кўриб чиқиш жараёнида видеоконференция алоқаларини такомиллаштиришдан иборат.
Қонун асосида Қирғизистон Жиноят-процессуал кодекси қуйидагилар билан тўлдирилган:
- “видеоконференция алоқаси” ва “онлайн трансляция” тушунчалари киритилди;
- айбланувчи суд мажлисларининг протоколлари (аудио ва видео ёзувларини қўшган ҳолда) билан танишиш, улар бўйича фикр билдириш ва суд терговини телевидение, радио ёки интернет орқали тўғридан тўғри эфирда узатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга;
- суд мажлислари мажбурий тарзда аудио ва видео ёзув воситалари ёрдамида қайд этилади;
- агар ёзувлар мавжуд бўлмаса, бу суд қарорини ўзгартириш, қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш учун асос сифатида кўрилади;
- жиноятнинг оғирлигига қараб гаровнинг энг кам миқдорлари белгиланади.
Билдирилишича, бу ўзгартишлар суд жараёнининг шаффофлиги ва айбланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда колонияларни тугатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентда рўйхатга олинганди. Ҳужжатга кўра, ушбу турдаги муассасаларда жами маҳкумлар сони кескин камайган ва 2024 йил январь ҳолатига кўра 1303 нафарни ташкил этган, улардан 897 нафари қидирувда бўлган.
LiveБарчаси