Қирғизистонда “Салимбойвачча”га алоқадор яна бир шахс қўлга олинди (видео)
Олам
−
29 Август
12625Қирғизистоннинг Қизил-Қия шаҳрида криминал авторитет, уюшган жиноий гуруҳ раҳбари “Салимбойвачча” – Салим Абдувалиев тарафдори бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Салим Абдувалиевнинг жиноий фаолиятига алоқадор бўлган ушбу шахс 1956 йилда туғилган М.М. исмли Қирғизистон фуқароси бўлиб, у Қизил-Қия шаҳрида яшаган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, қўлга олинган шахс “Салимбойвачча”га ҳурмат-эҳтиром кўрсатган, шунингдек, илгари Тошкент шаҳрида ушланган, 1978 йилда туғилган З.Э.Т. исмли шахс билан бирга суратга тушган.
Тергов тадбирларини ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистонда уюшган жиноий гуруҳ раҳбари билан учрашган ҳолатларни аниқлаш мақсадида қўлга олинган шахс Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига олиб борилган.
“У ерда ўтказилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида М.М. жиноий мафкурадан воз кечди”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштириш бўйича олиб борилаётган тергов доирасида Қирғизистон Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Нургази Адираевич Айдаров қидирувга берилганди. Айдаров халқаро уюшган жиноий гуруҳлар аъзолари, жумладан, “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиевнинг фаолиятини молиялаштириш билан шуғулланган.
LiveБарчаси