Қирғизистонда педофиллар учун жазо кучайтирилди
Олам
−
23 Май
5585Қирғизистон Президенти Садир Жапаров вояга етмаганларни зўрлаганлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолади, хусусан, 60 ёшдан ошган фуқаролар бундай жиноятлар учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу ҳақда Қирғизистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қирғизистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Қирғизистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексларга киритилган ўзгартиришлар жиноят содир этган пайтда 60 ёшга тўлган эркакларни умрбод озодликдан маҳрум этишни назарда тутади. Гап "боланинг жинсий дахлсизлиги ва жинсий эркинлигига қарши" жиноят содир этганлар ҳақида бормоқда. Илгари 60 ёшдан ошган шахслар бундай жиноятлар учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинмас эди.
“Қонун билан Қирғизистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касаллик мавжудлигига қарамай, боланинг жинсий дахлсизлиги ва жинсий эркинлигига қарши жиноят содир этганлик учун суд томонидан жазо тайинланган ҳолда айблов ҳукми чиқарилиши белгилаб қўйилган”, дейилади хабарда.
Ўзгартиришлар парламент томонидан 11 апрель куни қабул қилинган.
Қирғизистонда умрбод қамоқ жазоси энг юқори жазо ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев педофиллар ҳамда экстремизм ва терроризмга алоқадор шахсларнинг республикага киришини тақиқловчи қонунни имзолаганди.
LiveБарчаси