Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони ортди

Олам 10927
image

Қирғизистонда коронавирус билан боғлиқ яна иккита ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Айнура Акматова брифингда маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Ўш вилоятининг Новқат туманида яшовчи икки кишида коронавирус аниқланган. Улар 13 март куни Умра зиёратидан келган, 60 ёшли эркак ва аёл эканлиги маълум қилинди.

“Улар юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Ҳозир уларнинг аҳволи қониқарли”, дейди Айнура Акматова.

Шундай қилиб, бугунги кунда Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 16 нафарга етди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 март куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида уч кишида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди. Касалланганларнинг барчаси Саудия Арабистонидан қайтгани маълум бўлди. Ҳозирда барча беморлар шифокор назоратида эканлиги айтилмоқда.

Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йилнинг 11 март куни коронавирус касаллигини пандемия деб эълон қилди. Ҳозиргача ушбу вирус дунёнинг 193 мамлакатида аниқланган. Касаллик дунё бўйича 353 608 нафар одамда қайд қилинган. Уларнинг 15 417 нафари вафот этган, 100 616 нафари эса ушбу касалликдан фориғ бўлган. Ҳозирда касаллик юқтирган 237 575 нафар одам карантинда ёки шифохонада даволанмоқда. Уларнинг 226 277 нафари ёки 95 фоизи аҳволи қониқарли, 11 298 нафари эса оғир аҳволда.

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 287
Рейтинг: 3
t
×