Қирғизистон Ўзбекистон ҳудудидаги Барак эксклави аҳолисини кўчиришни якунлади
Олам
−
20 Апрель
15305Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Барак эксклави аҳолисини кўчиришни якунлади. Бу ҳақда "24kg" нашри хабар берди.
"Бизга керакли нарсаларни йиғиштириб олишимиз учун бир ойча вақт беришди. Маҳаллий ҳукумат кўчиб ўтишимизга ёрдам берди ва юк машиналари билан таъминлади", деган эксклавнинг собиқ аҳолисидан бири.
Кўчирилганларнинг сўзларига кўра, Баракдаги барча уйлар ва ижтимоий объектлар демонтаж қилинган ва улар Қирғизистонга олиб кетилган. Жами 98 оила вақтинча Ўш вилоятининг турли ҳудудларига вақтинча ўрнашган. Баъзилар қариндошлариникига, бошқалари ижарага олинган уйларга жойлашган.
Қирғизистон ҳукумати барча 98 оилани бир ҳудудга – Барак эвазига Ўзбекистон берган 208 гектар ерга жойлаштириш ниятида. Қурилиш режаси аллақачон ишлаб чиқилган, уйларни 31 август – Қирғизистон Мустақиллик кунигача фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Маълумот учун, Барак – умумий майдони қарийб тўрт квадрат километр бўлган қишлоқ аҳоли пункти бўлиб, у ерда турли даврларда 1,25 минг киши доимий истиқомат қилган. Бу ҳар томондан Ўзбекистоннинг Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани билан ўралган Қирғизистоннинг энг йирик эксклави ҳисобланган.
2018 йили Қирғизистон ва Ўзбекистон ер участкаларини алмашиш бўйича келишиб олган. Ўзбекистон Барак ҳудудини Қорасув туманининг Оқтош қишлоғига туташ бўлган эквивалент ер участкаси эвазига олган. Бироқ, ўша пайтда алмашинув амалга ошмаган.
2022 йил ноябрида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Ўзбекистон билан ҳудудларни алмашиш бўйича якуний келишувни эълон қилган эди.
LiveБарчаси