Қирғизистон расмийлари жамоатчиликдан Қорақалпоғистондаги воқеаларга аралашмасликни сўради

Олам

image
0:00
0:00
download

Расмий Бишкек жамоат фаоллари, блогерлар ва бошқалардан Қорақалпоғистонда содир бўлаётган воқеалар хусусида турли провокацион постларни чоп этмасликни, воқеаларга баҳо бермасликни сўрамоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Президенти матбуот котиби Эрбол Султонбоев Қорақалпоғистондаги вазият фонида Қирғизистон халқига қилган мурожаатида айтган. 

“Жамоат арбоблари, фуқаролик фаоллари, блогерлар ва бошқаларга мурожаат қилиб, турли провокацион постларни чоп этмаслик, қўшни ва бошқа мамлакатларда бўлаётган воқеаларга баҳо бермасликни сўраймиз”, дейилади мурожаатда. 

Султонбоев Қирғизистоннинг бошқа бирорта давлатнинг ички ишларига аралашишга ҳаққи йўқлигини таъкидлаган. 

"Хорижий мамлакатларда содир бўлаётган барча жараёнлар соф уларнинг ички иши. Шунинг учун ҳам яхши қўшничилик тамойилларига зид бўлган ноаниқ фикр ва баҳоларни эълон қилишдан тийилишингизни яна бир бор сўраймиз", дейди матбуот котиби. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, кеча, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорақалпоғистон

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг