Қирғизистон Президентининг жияни қамоқда қолди
Олам
−
21 Июль 2023
10919Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг жияни Улан Жапаров Бишкек шаҳар биринчи инстанция судининг қарори билан қамоқда қоладиган бўлди. Бу ҳақда пойтахт судига таяниб, “24.kg” хабар берди.
Айтилишича, кеча, 20 июль куни Бишкек шаҳар биринчи инстанция судида Улан Жапаровнинг шикояти кўриб чиқилган ва Первомайский туман судининг 3 июлдаги эҳтиёт чораси сифатида танлаган 23 сутка қамоқни назарда тутувчи қарори ўзгаришсиз қолган. Жапаров 26 июлгача ҳибсда сақланадиган бўлди.
Маълумот учун, Улан Жапаров Қирғизистон Президентининг амакиваччаси Раҳимжон Жапаровнинг ўғли саналади. У Иссиқкўл вилоятининг Кен-сув қишлоғида туғилган. 32 ёшли Жапаров божхонадаги коррупцион жиноятларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган. Ҳозирда у Бишкек шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Қирғизистон Президентининг матбуот котиби Садир Жапаров барча қонунбузарлар, қариндошлик ришталарига қарамай, жазоланиши ҳақида огоҳлантирилганини билдирган.
LiveБарчаси