Қирғизистон Президенти “Барселона” вакиллари билан учрашди
Спорт
−
29 Август 2023
6813Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Жалолободда “Барселона” футбол академиясини очиш учун Қирғизистонга ташриф буюрган Жоан Лапорта бошчилигидаги “Барселона” футбол клуби вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Жапаров “Барселона” клуби футболчилари ўз маҳорати билан кўпгина чўққиларни забт этганини айтиб, клуб афсоналарининг мамлакатга ташрифи қирғизистонлик мухлисларга жозибали футбол ҳароратини улашишини маълум қилди.
Жапаров каталонияликлар сафида Роналдиньо, Месси, Пуйол, Хави, Иньеста ва Неймар каби таниқли футболчилар ўйнаган даврдаги прогрессив ривожланишни алоҳида айтиб ўтди.
Президентнинг сўзларига кўра, Қирғизистонда “Барселона” академиясининг очилиши миллий терма жамоанинг профессионал даражада кучайиши учун имкониятлар яратади, шунингдек, республиканинг туризм, спорт, инвестиция ва бошқа соҳаларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Лапорта, ўз навбатида, Қирғизистондаги янги «Барселона» футбол академияси спортчиларнинг индивидуал маҳоратига эътибор қаратишини айтиб, уларнинг салоҳиятини максимал даражада оширишга ёрдам беришини билдирди.
Бугун, 29 август куни Жалолободда “Барселона” футбол академияси очилади. 30 август куни Долон Умурзоқов номидаги стадионда “Барселона” афсоналари ва “Марказий Осиё” юлдузлари ўртасида ўйин бўлиб ўтади.
Баҳсда Каталония клуби юлдузлари Жулиано Беллетти, Лодовик Гиули, Рональд де Бур, Серхи Бархуан, Жовани да Силва, Хуан Карлос Родригес ва Хуан Антонио Гойкоэчеа каби собиқ футболчилар иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 30 август кунидаги баҳсда Роналдиньонинг иштирок этиши сўроқ остида қолгани хабар қилинганди. Афсонавий футболчи фирибгарлик иши бўйича суд мажлисига келмагани учун зудлик билан Бразилияга бориши керак.