Қирғизистон мигрантлар масаласида Россияга нота топширди
Олам
−
20 Февраль 8891 2 дақиқа
Кеча, 19 февраль куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов билан учрашиб, Россиядаги мигрантлар масаласида нота топширди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар Россия қонунчилигидаги ўзгаришлар шароитида Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқий мавқеига оид масалаларни муҳокама қилган. ТИВ раҳбари ўринбосари чет эл фуқароларининг Россияга кириши ва мамлакатда бўлишига оид янги қоидалар ва талаблар, хусусан, олдиндан рўйхатдан ўтиш ва ариза топшириш механизми, шунингдек, вақтинча бўлиш муддатининг қисқариши билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратган.
Қирғизистон томони бу ўзгаришлар қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари учун ҳаракат эркинлиги ҳамда Россияда меҳнат фаолиятига киришиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.
Шунингдек, чет эл фуқароларининг, жумладан, Қирғизистон фуқароларининг фарзандлари Россия таълим муассасаларига қабул қилинишида рус тилидан имтиҳон топшириш бўйича янги талабларнинг жорий этилиши алоҳида муҳокама қилинган.
Қирғизистон томони Россияга киришда давом этаётган қийинчиликлар ва мигрантларнинг миграция ҳисобига қўйилиши билан боғлиқ муаммоларни ҳам кўтарган.
Қирғизистон ва Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси экани ва Қирғизистонда рус тили расмий тил мақомига эга эканини инобатга олиб, ушбу масалалар бўйича Россия томонига тегишли ноталар топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москванинг Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди 30 ёшли Қирғизистон фуқаросини ижтимоий тармоқдаги изоҳи учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган эди. Айбловга кўра, 2024 йил апрель ойи бошида қирғизистонлик фуқаро Telegram’даги “Migranti.ru” каналида теракт иштирокчиларининг дастлабки сўроқлари видеоси остида “Қасоскорлик учун катта журъат керак, афсуски улар қўлга тушиб қолди” мазмунидаги изоҳ қолдирган.
Live
Барчаси