Қирғизистон дипломати Покистон ТИВга чақиртирилди

Олам

image

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистоннинг Муваққат ишлар вакили Мелис Молдалиевни чақиртирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги сайтида хабар берилди.

Молдалиевга Покистон ҳукуматининг Қирғизистонда таҳсил олаётган покистонлик талабалар билан боғлиқ ҳодиса юзасидан хавотири етказилган. 

“Покистон ҳукумати бутун дунё бўйлаб ўз фуқароларининг хавфсизлиги масаласига жуда жиддий ёндашади ва уларнинг фаровонлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради”, дейилади ТИВ баёнотида.

Билдирилишича, Покистоннинг Бишкекдаги элчихонаси шошилинч телефонларини ишга тушириб, талабалар ва уларнинг оилаларининг сўровларига жавоб бермоқда. Қирғизистон Республикасидаги Покистон элчиси Ҳасан Али Зайғам эса Қирғизистоннинг юқори мартабали расмийлари билан яқин алоқада бўлган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тўрт нафар покистонликка биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга рухсат берилган. Яна бир нафарининг эса жағ жароҳати даволаняпти.

Бишкекдаги тўполон

18 майга ўтар кечаси Бишкекда маҳаллий аҳоли билан чет эллик талабалар ўртасида тўқнашув юз берган, шундан сўнг 29 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Можарога 13 май куни пойтахт туманларидан бирида хорижлик талабалар ва маҳаллий аҳоли ўртасида содир бўлган муштлашув сабаб бўлган. Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Қирғизистон университетларида Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешдан 40 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.

Бишкекдаги тартибсизликлардан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Хорижлик талабалар яшайдиган ётоқхоналар жойлашган кўчаларда транспорт ҳаракати тўсиб қўйилган. Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилишда 2,7 минг нафарга яқин ички ишлар ходимлари, шунингдек, 1 мингдан ортиқ халқ огоҳлиги ходимлари жалб этилган. Пойтахт ички ишлар бошқармаси шаҳарда вазият тинч ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тўлиқ назоратга олинганини айтмоқда.

Тўполон оқибатида тўрт нафар хориж фуқароси, шунингдек, тартибсизликларни қўзғатишга алоқадор бўлган бир неча Қирғизистон фуқароси қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан республика ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Жиноят кодексининг (“Безорилик”) моддаси бўйича иш қўзғатилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Бишкекдаги вазият тўлиқ ҳокимият назорати остида эканлиги ва шаҳарда хорижлик талабаларнинг погромлари содир этилмаслигига ишонтириб, хорижий ОАВ ва блогерларни ёлғон ёки провокацион маълумотларни тарқатмасликка чақирди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев митинг иштирокчиларининг талабларини қўллаб-қувватлаб, республика қонунчилигини бузаётган хорижликларга нисбатан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан керакли ишлар олиб борилаётгани, асосан Покистон ва Бангладеш фуқаролари ҳуқуқбузарлик содир этаётганини айтганди. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам Бишкекда хорижлик фуқаролар билан содир бўлган воқеадан хавотир билдириб, Покистоннинг Қирғизистондаги элчисига барча зарур ёрдамни кўрсатишни буюргани, унинг идорам ҳам элчихона билан алоқада ва вазиятни доимий равишда кузатиб бораётганини маълум қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Покистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг